Одамдан одамга юқадиган парранда гриппи янги пандемияни келтириб чиқариши мумкин, шу боис жаҳон ҳамжамияти унга тайёр туриши керак, деди чоршанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эпидемиологи Ричард Пибоди «El Pais» газетасига берган интервьюсида, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Парранда гриппи одамдан одамга ўтиш қобилиятини ўзлаштираётганидан хавотир бор ва бу янги пандемияни келтириб чиқариши мумкин. Биз бунга тайёр туришимиз керак. Илмий доираларда ушбу вирусларнинг генетик кетма-кетлиги ўрганилмоқда, мақсад уларни кузатиб бориш ва зарурат пайдо бўлганида фойдаланса бўладиган арзон вакциналарни яратиш”, — деди у.
Эпидемиологнинг изоҳ беришича, бундан икки-уч йил аввал миллионлаб ёввойи ва уй паррандаларини нобуд қилган янги парранда гриппи A (H5N1) вирусининг ўзига хос тури туфайли пайдо бўлган.
“Ҳушёр бўлишимиз керак. Муҳими, одамлар ўлган ёки чалажон паррандаларни ҳамда жониворларни қўлига ушламаслиги керак. Қолаверса, парранда фабрикаси ишчилари ҳам яхши ҳимояланган бўлиши лозим”, — дея огоҳлантиради Пибоди.
Унинг таъкидлашича, мазкур муаммо, айниқса, қишлоқларда камбағал оилалар учун хавфли, чунки аксарият ҳолларда улар уй паррандаларини боқади.
Ушбу юқори патогенли грипп пайдо бўлгани ҳақида илк бор 1996 йилда маълум қилинган эди. 2003 йилда касаллик парранда парваришига алоқадор одамларда қайд этила бошланди. Гриппнинг ушбу штамми нафас олиш йўлларининг пастки қисмларини зарарлайди, натижада вирус пневмонияси ҳамда ўткир нафас етишмаслиги синдромини келтириб чиқаради.