Молдова ҳукумати МДҲ доирасида имзоланган келишувларнинг долзарблигини таҳлилдан ўтказади ва ўнлаб ҳужжатларнинг амал қилишини тўхтатиш ниятида, деб маълум қилди Молдова бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири Нику Попеску.
“Шуни маълум қилишим мумкинки, шу кунларда биз МДҲ билан имзоланган ўнлаб ҳужжатларни денонсация қилиш жараёнини бошлаймиз, вазирлигимиз МДҲ билан имзоланган кўплаб ҳужжатларнинг долзарблигини (релевантлик) таҳлилдан ўтказмоқда. Биз уларнинг рўйхатини тузамиз ва матбуотда эълон қиламиз. Хотирамга таяниб айтишим мумкинки, Ташқи ишлар вазирлиги йўналишида 20 га яқин битим бекор қилинади”, – деди Попеску Jurnal TV телеканали эфирида чиқиш қилиб.
Унинг айтишича, республика Евроиттифоққа аъзо бўлишга интилмоқда, шу боис асосий эътибор МДҲ билан имзоланган Европа қонунчилигига тўғри келмайдиган битимларга қаратилади.
Попескунинг таъкидлашича, қатор битимларни бекор қилиш жараёни вақт талаб қилади, чунки бундай қарорга келиш учун асосланган сабаб кўрсатилиши керак.
Хабарда келтирилишича, Молдова МДҲ доирасида 300 дан ортиқ битим имзолаган.