Қорақалпоғистонлик ёшлар Оролнинг қуриган тубида саксовул экиш ишларида иштирок этди. Сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудида экологик ҳолатни тубдан яхшилаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш ва халқнинг турмуш тарзини, даромадларини оширишга йўналтирилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Орол денгизининг қуриган қисмида экотизимни яхшилаш, тадқиқотлар ҳамда инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи ҳудуди учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси ташкил этилди ҳамда “Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилинди.

Мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, Орол денгизининг қуриган майдонида ва Оролбўйи ҳудудидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирларини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” яратиш ишлари давом этмоқда. Бу йил 100 минг гектар ҳудудда саксовул, қандим ва қорабуроқ каби ўсимликлар экилади. Мана шундай эзгу ташаббусга муносиб ҳисса қўшиш, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг натижалари билан таништириш мақсадида Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети томонидан тадбир ташкил этилди.

Сафарнинг дастлабки куни олий таълим муассасалари профессор – ўқитувчилари ҳамда талабалар ўтган йили 900 йиллиги белгиланган буюк аллома Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний мақбарасини зиёрат қилиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш, шунингдек, археологик қазиш ишлари билан танишди. Туркий халқлар орасида Хўжа Аҳмад Яссавийдан кейинги донишманд сифатида тан олинган Ҳаким отанинг ҳаёти, эзгу амаллари, авлодларга қолдирган мерослари ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Ёшлар тумандаги “Оқ кема” болалар дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳида, шунингдек, Орол денгизи тарихи музейи, «Кемалар қабристони» мажмуасидаги экспонатлар, денгизнинг сувга тўла пайтларига гувоҳ бўлган кемалар тарихига оид материаллар билан танишди. Манзараларни мўйқалам орқали расмларга кўчирди. Туман марказидаги маданият саройида олий таълим муассасаларининг истеъдодли талабалари билан туман маданият бўлими ходимлари ижросидаги концерт дастури тадбир иштирокчилари ҳамда ҳудуд аҳолисига кўтаринки кайфият бағишлади.

Ёшлар сафарнинг иккинчи куни эрта тонгдан Оролнинг қуриган тубидаги “нолинчи нуқта” деб номланган жойга боришди. Денгиз тубида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини яратишдек хайрли ишларнинг самарасига гувоҳ бўлган тадбир иштирокчилари яхши ниятлар билан 9 минг туп кўчат ҳамда 10 қоп саксовул, қандим уруғларини белгиланган жойларга экиб, эзгу ишга ўз ҳиссаларини қўшди.

– Бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, Орол денгизининг суви қуриши оқибатида юзага келаётган экологик офатнинг салбий таъсирларини камайтириш мақсадида амалга оширилаётган ишларга бизлар ҳам ўз ҳиссамизни қўшдик, – дейди Нукус давлат педагогика институтининг талабалар Кенгаши етакчиси Салтанат Оспанова. – Мақсадимиз – келажак авлодларга қум, туз ва чангларни эмас, яшил боғларни қолдириш.

Хайрли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, сенатор Б.Матмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.Каюпов, олий таълим муассасалари ректорлари ёшлар томонидан амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, уларга миннатдорлик билдирди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири