Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолига холис ахборотларни етказиб бериш, жамоатчилик билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Судьялар олий мактабининг мутасаддилари Олий мактабнинг 2022 йилдаги фаолияти якунлари юзасидан батафсил маълумотлар беришди.
Тадбирда таъкидланишича, таълим жараёнида эскирган ўқув-услубий ёндошувдан воз кечилиб, ўқув жараёни билан ҳуқуқни қўллаш амалиётининг узвий боғлиқлигини таъминлаш, тингловчиларнинг қарор қабул қилишда ижодий ёндошуви шаклланишига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шунингдек, касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмурчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган ёндошувларга жиддий эътибор берилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда Судьялар олий мактабининг магистратура босқичида 138 нафар тингловчилар таҳсил олмоқда. Ўқув жараёнларига “Судьяни судья ўқитади” тамойили асосида 50 нафардан ортиқ судьялар жалб этилган.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилди.
Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА