Ижтимоий тармоқларда Қонликўл туманида кўп қаватли уй зинапояси қулаганлиги ҳақида тарқалган маълумот бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси расмий маълумот берди.
Унда қайд этилишича, прокуратура томонидан Қонликўл тумани “Наврўз” овул фуқаролар йиғини ҳудуди «Янги Ўзбекистон» массивида амалга оширилаётган қурилиш ишларида зинапоя қулаб тушганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, ушбу массивда “Иморат қурилиш конструкция” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган қурилиш жараёнида 5 қаватли турар жойнинг 1-подъездидаги зинапоя қулаб тушган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган шахслар бўлмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органларига келиб тушган тезкор маълумотга кўра, 19 февраль куни ҳодиса жойи кўздан кечирилди. Ҳозирда бино қурилиши жараёнида қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати юзасидан қурилиш экспертизаси тайинланиб, текшириш ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Терговга қадар текширув устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири