Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш ва олдини олиш, улардан самарали ва оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–269-сон Фармонига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда – Ўзэнергоинспекция) ташкил этилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–14-сон Фармонига мувофиқ Ўзэнергоинспекциянинг Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув штат бирликлари сони 357 та, шу жумладан, Ўзэнергоинспекция бошлиғи ўринбосарларининг сони 2 нафар этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Ўзэнергоинспекция фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш (қазиб чиқариш), қайта ишлаш, узатиш (ташиш), тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-тарож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган ҳамда тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ёқилғи-энергия ресурслари ҳажми ўртасидаги тафовутларни аниқлаш ва бартараф этиш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) энергетика объектларида бахтсиз ҳодисалар ва технологик бузилишлар (авариялар)нинг олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва унинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ҳамда энергия самарадор ва энергия тежовчи замонавий технологияларни жорий қилиш, шунингдек, энергия ресурсларини истеъмол қилиш самарадорлигининг мониторингини олиб бориш;

ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмолининг меъёрлари бажарилиши ва келгусида такомиллаштирилиши устидан назоратни амалга ошириш.

3. Белгилансинки:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан Ўзэнергоинспекция ходимлари зиммасига уларнинг ваколатига кирмайдиган вазифаларнинг юкланиши тақиқланади;

давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар мазкур қарорга мувофиқ Ўзэнергоинспекцияга унинг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиши шарт;

Ўзэнергоинспекция зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар унинг қонуний талабига кўра бепул тақдим этилади;

Ўзэнергоинспекция томонидан ёқилғи-энергия ресурсларини беҳуда сарфлаш, улардан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш борасида давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ назорат тадбирлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳисобланмайди;

Ўзэнергоинспекция ходимлари хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида истеъмолчиларнинг ёқилғи-энергия ресурсларини ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичларини ёзиб олиш ва уларнинг ҳолати, уланиш схемалари ва қурилмаларини кўрикдан ўтказиш учун ҳисобга олиш ускуналари, схемалари ҳамда қурилмаларини тўсқинликсиз бориб кўришга ҳақли;

Ўзэнергоинспекция Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари ўрнатилишини назорат қилади ва белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши таъминланмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан чоралар кўриш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.

4. Бош прокурорнинг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган ўринбосари (кейинги ўринларда – Бош прокурор ўринбосари) лавозими киритилсин.

Белгилансинки, Бош прокурор ўринбосари:

Ўзэнергоинспекция зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажаришга амалий ёрдам кўрсатади;

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини мувофиқлаштиради.

Бош прокуратура икки ҳафта муддатда ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

Ўзэнергоинспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини мазкур қарор билан белгиланган устувор йўналишлар асосида янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни самарали амалга ошириш масъулияти шахсан энергетика вазири Ж.Т.Мирзамаҳмудов ва Бош прокурор ўринбосари зиммасига юклансин.

5. Ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш ва бу борадаги жараёнларни рақамлаштириш мақсадида:

а) мавжуд электр ва газ тармоқлари ҳамда қурилмаларининг юкламаси белгиланган меъёрдан ошган тақдирда, уларга янги истеъмолчиларни улаш қатъиян тақиқлансин;

б) 2023 йил 1 мартдан бошлаб:

назорат тадбирларини амалга оширишда тафовутларни аниқлаш мақсадида Ўзэнергоинспекцияга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖларнинг электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни мониторинг қилиш имконияти яратилсин;

электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни “E-ma‘muriy ish” тизимига киритиш тартиби жорий этилсин;

в) 2023 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган холда тузилиши белгилансин.

Бунда:

мазкур тартиб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли бўйича лимитларни белгилаш ва уларга ўзгартиришлар киритишга ҳам татбиқ этилади;

давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига автоматик равишда юборилиши таъминланади;

бюджет буюртмачилари билан тузилган шартномалар ғазначилик бўлинмаларида электрон шаклда (инсон омилисиз) рўйхатдан ўтказилади;

г) 2023 йил 1 октябрга қадар мавжуд электр энергияси ва табиий газни узатиш ҳамда тақсимлаш тармоқлари ва қурилмалари юкламаси ошиб кетишининг олдини олиш имкониятини яратиш мақсадида улар биоахборот тизимига киритилсин ҳамда электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ҳамда «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими билан интеграция қилинсин.

Бунда, электр энергияси ва табиий газни узатиш ҳамда тақсимлаш тармоқлари ва қурилмалари мазкур тизимлар билан интеграция қилингандан сўнг электр ва газ тармоқларига уланишда уланиш нуқталари автоматлаштирилган тарзда инсон омилисиз танланади:

д) 2023 йил 1 октябрдан бошлаб электр ва газ тармоқлари ва қурилмаларини қуришда лойиҳа ҳужжатларини ваколатли органлар билан келишиш тегишлича электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминотлари орқали аниқ муддатларда амалга оширилиши белгилансин.

Энергетика вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “UzGasTrade” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан биргаликда электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминотлари ишлаб чиқилиши ва ишга туширилиши ҳамда мазкур бандда назарда тутилган техник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминласин.

6. Ўзэнергоинспекция “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ билан биргаликда:

а) доимий равишда:

юридик ва жисмоний шахсларга тегишли энергетика объектлари (кейинги ўринларда – объектлар) рўйхатини шакллантириб борсин;

объектларда истеъмол қилинаётган ёқилғи-энергия ресурслари ҳажмини аниқлаб борсин;

объектларда ёқилғи-энергия ресурслари беҳуда сарфланиши ва сифат талабларига риоя этмаслик ҳолатларини аниқлаб борсин ва улар бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрсин;

тизимли асосда ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга оширсин;

объектларнинг тармоқларга тўғри уланганлиги ва ҳисоблагичлар мавжудлиги, уларнинг техник талабларга ва стандартларга мувофиқлигини текшириб борсин, шунингдек, айбдор бўлган мазкур объектлар ходимлари ва уларга хизмат кўрсатган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўрсин;

объектларда ўрнатилган ҳисоблагичларнинг электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига мослигини ўргансин;

б) ҳар ойда электр ва газ тармоқлари ҳамда қурилмаларининг юкламалари ва созлигини текшириб бориб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин.

Бунда, Ўзэнергоинспекция ҳар ойда Бош прокурор ўринбосари ва энергетика вазирига мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан ҳисобот киритиб борсин.

7. Бош прокуратура Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин:

электр энергияси, газ ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш орқали талон-тарож қилиш ҳолатларини ўғрилик жинояти сифатида белгилаш;

Ўзэнергоинспекциянинг электр энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш (мансабдор шахсларга нисбатан) ваколатини белгилаш;

Ўзэнергоинспекция томонидан берилган ёзма кўрсатма ва тақдимномаларни бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш.

8. Энергетика вазирлиги ва Бош прокуратуранинг қуйидаги маблағларни Ўзэнергоинспекциянинг белгиланган тартибда очиладиган махсус ғазна ҳисобварағига йўналтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

Ўзэнергоинспекция иштирокида ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қоидабузарликлар бўйича ундирилган зарар суммасининг 25 фоизи;

истеъмолчилар томонидан қувват коэффициентининг норматив қиймати ушлаб турилмаганлиги натижасида юзага келган электр энергиясининг қўшимча йўқотилиши билан боғлиқ тўловлардан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ филиалларига тушган маблағларнинг 50 фоизи;

Ўзэнергоинспекция томонидан қўлланилган маъмурий жарималар ва иқтисодий санкциялар бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи;

Ўзэнергоинспекция томонидан пуллик хизматларни кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда, махсус ғазна ҳисобварағидаги маблағлар қуйидаги мақсадларда ишлатилиши назарда тутилсин:

Ўзэнергоинспекция ходимларини моддий рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

Ўзэнергоинспекция ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

Ўзэнергоинспекцияга шартнома асосида эксперт ва мутахассисларни унинг зиммасига юкланган вазифаларни самарали бажариш учун жалб қилиш. Бунда, шартнома асосида жалб қилинадиган эксперт ва мутахассислар мақоми бўйича Ўзэнергоинспекция ходимларига тенглаштирилади;

Ўзэнергоинспекция вазифаларини самарали амалга ошириш ҳамда ахборот технологияларини жорий этиш ва модернизация қилиш.

9. Энергетика вазирлиги:

а) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2024 йил якунига қадар электр энергиясининг диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси (SCADA), шунингдек, ишлаб чиқаришдан бошлаб якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча жараёнларга электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари (ЭНҲОАТ, ГНҲОАТ) тўлиқ жорий этилишини таъминласин.

Бош прокуратура мазкур тизимлар тўлиқ жорий этилишини алоҳида назоратга олсин;

б) “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда электр ва газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар талаблари ва уларни бериш тартибини халқаро стандартлар асосида қайта қўриб чиқиш ва белгилаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, инсон омилисиз қайта ҳисоб-китоб қилиш, етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва Солиқ қўмитаси базасида параллел равишда ҳисобга олишни назарда тутувчи дастурий таъминотни ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин.

“Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “UzGazTrade” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мазкур дастурий таъминотни ишлаб чиқишда истеъмолчилар базасини шакллантириш ҳамда биллинг тизимлари билан интеграциясини таъминлаш мақсадида “UZINFOCOM” давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖга барча бирламчи маълумотларни тақдим этсин ва биллинг тизимлари билан боғланишга рухсат берилсин.

11. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар:

бино ва иншоотлар ҳамда улардан фойдаланиш турларига кўра муқобил энергия, табиий газ, электр энергияси, ирригация, ичимлик сув ва оқава сувлар сарфининг стандарт ҳажмларини қатъий белгилайдиган мезонларни тизимга жорий қилсин;

объектларнинг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини техник шартларни рақамлаштирган ҳолда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали амалга оширсин.

12. Энергетика вазирлиги энергетика тармоқлари тархлари, мавжуд тармоқларнинг жорий ҳолати ва даврий юкламаларини рақамлаштирган ҳолда уларнинг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига интеграциясини таъминласин ва ҳар ойда маълумотлар базасини янгилаб борсин.

13. Ўзэнергоинспекция 2023 йил 1 майга қадар ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни онлайн расмийлаштириш учун барча ходимларни махсус планшетлар билан таъминласин.

14. Энергетика вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини танқидий қайта кўриб чиқиб, янгиланган қоидаларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

15. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзэнергоинспекция тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

16. Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т.Мирзамаҳмудов ҳамда Бош прокурор ўринбосари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Йўлдошев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси 

Президенти                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2023 йил 13 февраль