Хабар берганимиздек, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар таркибида Эрон ва туркманистонлик тажрибали мутахассислар иш бошлаши ортидан бир қатор хориж терма жамоалари ҳамюртларимиз билан қўшма машғулот ўтказишга қизиқиш билдирмоқда.

Шундай жамоалардан бири бўлган Уммон оғир атлетикачилари Тошкентга келди. Оғир атлетикачиларимизнинг Чирчиқда ўтаётган навбатдаги йиғинида Уммон терма жамоаси аъзолари ҳам ўқув-машғулотда иштирок этмоқда.

– Мазкур йиғин май ойида Корея Республикасида ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтайди. 15 нафар асосий таркиб спортчиларини жалб этганмиз. Улар сафида Акбар Жўраев, Руслан Нуруддинов, Достон Ёқубов сингари тажрибали спортчилар билан бирга ёшларимиз ҳам бор. Мақсад Олимпия ва жаҳон чемпионларидаги шижоатни ёшларга сингдириш. Хориж жамоаларининг оғир атлетикачиларимиз билан қўшма машғулот ўтказишга қизиқиши юқори. Лекин ким билан ҳамкорлик қилишни, машғулот ўтказишни белгиланган режа асосида, мураббийлар кенгашининг қарори билан ҳал этамиз, – дейди терма жамоа бош мураббийи Баҳром Мендибоев.

Т.Рўзиев,  

ЎзА