Европарламентнинг Фуқаролик эркинлиги бўйича қўмитаси Шенген визаси бериш жараёнини рақамлаштириш, виза ёрлиғини бекор қилишга оид қарор қабул қилди, дейилади парламент сайтида.
2026 йилга келиб ҳудудда хорижликлар ариза бериши мумкин бўлган ягона онлайн-платформа ишга тушиши кутиляпти. Шу тизим орқали виза учун зарур тўловни ҳам амалга ошириш имкони яратилади.
Ушбу режа Шенген мамлакатларининг умумий тизимга муваффақиятли уланишини кўзда тутган беш йиллик ўтиш даврини акс эттиради. Лойиҳани таклиф қилган Еврокомиссия вакиллари фикрича, рақамли виза Шенген ҳудудини ҳимоя қилади. Зеро, бу тизимни шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги оддий ёрлиқ каби қалбакилаштириб бўлмайди.
Лойиҳа парламент йиғилишида муҳокамадан ўтиши лозим.
Г.Абдуллаева,
ЎзА