Мумбай шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бадиий ва телевезион фильмлари фестивалида юртдошимиз Раъно Шодиева “Энг яхши аёл қаҳрамон” совринига сазовор бўлди.
Кинематография агентлиги кўмагида «Central Asian Trade Company» ва «Dilshohmedia» киностудиялари томонидан суратга олинган, реал воқеаларга асосланган “Аёл тақдири” бадиий фильми Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019-2020 йилларда ўтказилган “Меҳр” операцияси доирасида Суриядан қайтарилган 100 нафар аёлдан бири – Сожиданинг тақдиридан ҳикоя қилади.
– Биз кўп ишладик ва меҳнат бизга узоқ кутилган, ёқимли эътирофни олиб келди, – дейди Сожида ролини маҳорат билан ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева. – Танловга тақдим этилган барча фильмлар юксак савияда ишланган, бу картиналарда образ яратган актёрлар ҳам барчаси истеъдодли. Шунча иштирокчи орасидан айнан мени танлаб олишганидан жуда ҳурсандман. Мазкур фестивалда биз 8 мукофотдан бирига сазовор бўлдик. Бу нафақат менинг, балки, бутун жамоанинг, хусусан, ўзбек киносининг ютуғи. Эътироф ижод оламида яшаётган инсон учун жуда зарур, илҳом манбаи.
Дарвоқе, мазкур фильм Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган “Қўрқут Ота” 2-чи кинофестивалида Гран-прига лойиқ кўрилган, бош роль ижрочиси Раъно Шодиева эса ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотини олган.
ЎзА