Венгрия Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг мазкур мамлакатни Европа иттифоқидаги энг коррупциялашган мамлакат деб, эълон қилишини инкор этди. Венгрия ҳукумат хабарларини тарқатувчи марказнинг сешанба куни маълум қилишича, ушбу маъруза ёлғон ва у америкалик миллиардер Жорж Сорос буюртмаси билан тайёрланган.
«Шуниси ажабланарлики, Transparency International Брюссель бюрократиясини ёки Европарламентдаги коррупция билан боғлиқ жанжалларни тадқиқ қилмаган, улар ҳатто рўйхатга ҳам киритилмаган”, – деб баёнот берди Ҳукумат хабарлари маркази Telex интернет нашрининг сўровига жавоб берар экан. Шунингдек, Венгрия ҳукуматининг таъкидлашича, “Transparency International ноқонуний доллар айланмалари ва Брюсселдаги коррупция можаросига чуқур аралашиб кетган Сорос тармоғи таркибига киради. Мазкур тармоқ мамлакатдаги ва халқаро сўл кучларининг ҳаракатларини молиялаштириб боради ҳамда уларни ўзининг ёлғон маърузалари билан таъминлайди».
Долларли сўллар деганда Венгрия ҳукумати мухолифатдаги партияларни назарда тутмоқда. Улар ўзларининг сайловолди кампанияларида Американинг Action for Democracy жамғармасида катта маблағ олишган. Венгрия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, мазкур жамғарма бош вазир Вектор Орбаннинг ашаддий душмани бўлган, келиб чиқиши венгриялик америкалик молиячи Жорж Соросга алоқаси бор.
Transparency International сешанба куни дунёнинг 180 мамлакатида коррупция даражасининг аҳволи ҳақида 2022 йил якунларини эълон қилди. Унда Венгрия 77 ўринга жойлаштирилган, яъни ЕИга аъзо мамлакатлар орасида энг паст ўрин берилган. Евроиттифоққа кирувчи Дания, Финландия, Швеция, Швейцария, Нидерландия, Германия, Ирландия, Люксембург энг яхши ўнликка киритилган.