Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.
Вазир Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Халқ Маслаҳати Раиси, Миллат Етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг самимий саломи ва эзгу тилаклариниетказди.
Учрашувда 2022 йилнинг 14-15 июль кунларидаги Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва 21-22 октябрь кунларидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркманистонга расмий ташрифи давомида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, иқтисодиёт, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида қатор қўшма тадбирлар – Ҳукуматлараро комиссия, Сув хўжалиги масалалари бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишлари, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, маданий ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши келишилди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак учрашувлар режаси кўриб чиқилди.