Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17 март куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. 
Самарқанд вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Республикамизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳар ва қишлоқларининг кун сайин ўзгариб, обод бўлиб бораётгани, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалаётганида ҳам ўз аксини топмоқда.
Жумладан, 2017 йилда вилоят ялпи ички маҳсулоти ҳажми 18 триллион 319 миллиард сўмга етиб, 102 фоизга бажарилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида ҳам барқарор ўсиш суратлари таъминланган. Ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 96 миллион долларни ташкил этди.
Йил давомида хорижий сармоя иштирокида 56 та янги корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 291 тага етди. Вилоятдаги 44 та давлат мулки объектлари инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида тадбиркорларга берилди. 3259 та кичик бизнес субъекти янгидан фаолият бошлади ва мазкур тармоқнинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 78 фоизни ташкил этди.
Вилоятни ҳудудий риворжлантириш дастурларига асосан, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида 2252 та лойиҳа амалга оширилиб, 20 минг 300 га яқин янги иш ўрни яратилди.
Инвестиция дастури асосида республика бюджетидан ажратилган 148,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 178 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Жорий йилда эса вилоят бўйича 229 та ижтимоий соҳа объектида 674,5 миллиард сўмлик қурилиши ишлари бажарилади.
Давлатимиз раҳбари 2017 йилда вилоятга ташрифлари чоғида Самарқанд шаҳри ва бошқа туман, шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларни жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди. Ташрифлар чоғида тақдимоти ўтказилган 15 та лойиҳа ишга туширилди, 18 таси бўйича белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда олиб борилаётган бу каби ишлар, белгиланган вазифаларнинг ижроси ва лойиҳаларнинг амалий натижаси Президентимизнинг доимий эътиборида. Ташриф давомида давлатимиз раҳбарининг мазкур жараён билан бевосита танишиши, тадбиркор ва инвесторлар, масъуллар ҳамда аҳоли вакиллари билан мулоқотлари режалаштирилган. Шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинади.

 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА