14–16 ноябрь кунлари пойтахтимизда ўтказилган Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича бутунжаҳон конференциянинг сўнгги кунида ЮНЕСКОнинг Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Унда 2030 йилгача бўлган даврда халқаро миқёсда мактабгача таълим соҳасининг асосий тамойиллари белгиланди.

Ҳужжат конференция доирасидаги маслаҳатлашув жараёни орқали тайёрланган ва имзолангандан сўнг БМТнинг олтита расмий тилига таржима қилинади ҳамда ЮНЕСКОга аъзо давлатларга тарқатилади.

Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш тизимини глобал ўзгартириш стратегиясининг бир қисми сифатида Тошкент декларациясида қатор етакчи тамойиллар белгиланди. Яъни ўқув дастурлари ва педагогиканинг сифати ва долзарблигини ошириш,  барча болалар учун тенг ва инклюзив таълим хизматларини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга кириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш.

Бу ва бошқа қатор вазифалар замирида педагог кадрларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инновацияларни кенг жорий этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш каби фундаментал омиллар мужассам.

Моҳигул Қосимова, ЎзА