Фото: Берег Аральского моря

Шу йилнинг 5-8 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ташаббуси билан “Марказий Осиёда атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё халқаро экологик форуми доирасида хорижий ОАВ вакиллари учун Орол денгизига медиатур ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Июнь ойида бўлиб ўтадиган форум атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида барча манфаатдор мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, минтақанинг барқарор ривожланиши учун ҳамкорликдаги ишларни шакллантиришга йўналтирилган.

Фото: Медиатур на Аральское море. 2017 г. май

Тадбирда Европа, Осиё ва Марказий Осиёнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги бўйича давлат органларининг раҳбарлари ва мутахассислари, БМТнинг тузилмавий ташкилотлари, етакчи халқаро ташкилотлар, молия институтлари, илмий ва жамоат ташкилотлари вакилларининг иштирок этиши режалаштирилган.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ташкил этилмоқда.

Форумнинг асосий мавзувий йўналишлари –  қуйидагилар ҳисобланади:

  1. Қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлиги.
  2. Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш.
  3. Биологик хилма-хилликни сақлаш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини кенгайтириш.

Фото: Медиатур на Аральское море. 2017 г. май

Форум доирасида қуйидагиларни ўтказиш режалаштирилган:

1)   Ялпи ва паралелл йиғилишлар – ҳар битта мавзувий йўналишлар бўйича барча Марказий Осиё мамлакатлари манфаатларига мувофиқ келадиган энг долзарб масалалар аниқланади ва уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар ишлаб чиқилади.

2)   Ўзбекистонда илк маротаба экологик тоза технологияларнинг махсус кўргазмаси ташкил этилиб, у экологик тоза қурилмалар ва технологияларни ишлаб чиқарувчи машҳур ташкилотларни ўзида бирлаштиради. Кўргазманинг асосий йўналишлари:

– қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва ташиш учун махсус техника;

– чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш технологиялари;

– ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг тоза  технологиялари;

– қишлоқ хўжалиги ва аҳоли яшаш сектори учун қайта тикланадиган энергия технологиялари;

– аҳоли яшаш секторида энергия самарадорлиги;

– саноатда энергия самарадорлиги.

3) Форум барча манфаатдор донор-мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари вакилларини ўзаро бирлаштириб, Марказий Осиё давлатлари учун долзарб ва устувор бўлган масалаларни муҳокама қилиш, зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, уларни ҳамкорликда амалга ошириш имконини беради.

4)  Хорижий ОАВ вакиллари учун Орол денгизи талафотлари ва Ҳисор давлат қўриқхонасининг ноёб флора ва фаунаси билан яқиндан танишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Қашқадарё вилоятига медиатур ташкил этиш.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги