Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 16 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабартини қабул қилганди. Учрашувда кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, банк-молия сектори, инфратузилмани, айниқса, қишлоқ жойларда модернизация қилиш, шунингдек, агросаноат комплекси, кимё ва нефть-кимё, металлургия саноатида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги истиқболли дастур ҳамда лойиҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Юқорида келтирилган лойиҳалар қаторида Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси («Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси) бошлиғи Б.Гулямов томонидан Ўзбекистон Республикасида Марказий Осиё учун экологик реабилитация ҳисоби бўйича амалиётлар ўтказиш тўғрисидаги Ҳадли битим имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017йил 21 июндаги “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Ҳадли битим кучга кириши учун зарур ички давлат тартиб-таомиллари бажарилди ва «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси мазкур битимни амалга оширишда масъул орган этиб белгиланди.

Ҳадли битим билан илгариги уран конлари объектларида экологик соғломлаштириш ва рекультивация ишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига грант маблағлари ажратилиши ва кўмаклашиш назарда тутилган.

Ҳадли битим бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланган.

Ўзбекистонда экологик соғломлаштириш ва рекультивация лойиҳаларини амалга оширилишини жадаллаштириш билан боғлиқ бўлган масалаларни муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг 12-14 февраль кунлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки ядровий хавфсизлик департаменти директори ўринбосари Б.Линдауэр ва ЕТТБ ядровий хавфсизлик департаменти Экологик реабилитация ҳисоби дастури менеджери Э.Харландерлардан ташкил топган делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида, делегация Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти раҳбарияти ва «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғи билан учрашди.

Учрашувда томонлар экологик соғломлаштириш ва рекультивация ишларини амалга оширишда ҳамкорликни янада жадаллаштиришга келишиб олдилар.

 
Олимжон Жўраев,
“Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекциясининг
Давлат назорати бошқармаси бошлиғи муовини 

 

ЎзА