Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани фермерларининг далаларида бу йил ҳам ғалладан мўл ҳосил тўпланди.
Туманда 344 та фермер хўжалиги ҳамда қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан ўтган йил кузда 6 минг гектар майдонга сара буғдой уруғи қадалган бўлиб, ғаллачилик кластерлари билан дон етказиб бериш бўйича шартномалар тузилди.
Буғдой уруғи қадалганидан тортиб, ғалла ҳосили пишиб етилгунига қадар барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилди. Натижада далаларда мўл ҳосил тўпланди. Етиштирилган мўл ҳосилни қисқа фурсатларда нес-нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш мақсадида барча ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Тумандаги “Ҳайтимбетов Султон” фермер хўжалигида жорий йилги ғалла ўрим-йиғими мавсуми бошланиши муносабати билан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинар аввалида ёши улуғ отахонлар бободеҳқонлар олдидаги машаққатли, шу билан бирга шарафли ишларида куч-қувват тилаб, юртимизда мўл-кўлчилик, тўкин-сочинлик бўлишига дуо қилди. Шундан сўнг семинар иштирокчиларига 16 июндан 5 июлгача давом этадиган ўрим-йиғим мавсумида амалга ошириладиган ишлар бўйича чора-тадбирлар дастури ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, туманда дон қабул қилиш шохобчаси томонидан жорий йилда жами 8 минг 960 тонна бошоқли дон экинларини қабул қилиш режа қилинган. Ушбу ишларни уюшқоқлик билан, тизимли равишда амалга ошириш мақсадида штаб ташкил қилиниб, 17 та ўрим отрядига 18 та комбайн бириктирилди.
Бугунги кунда комбайнлар ўрим-йиғим мавсумига тайёр ҳолатга келтирилди ҳамда мавсум давомида узлуксиз ишлашини таъминлаш учун эҳтиёт қисмлар захиралари яратилди. Комбайнлар билан бир қаторда мавсумда дон ташишга мўлжалланган ва хизмат кўрсатадиган техникалар ҳам жалб қилиниб, уларнинг ҳам мавсум давомида тўлиқ ишчи ҳолатида бўлишини таъминлаш чоралари кўрилди.
Қолаверса, мавсум давомида комбайн ҳайдовчиларига етарли шарт-шароит яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий рағбатлантириш масалалари ҳам эътиборга олинди.
Шунингдек, туманда озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан мунтазам равишда таъминлаш мақсадида ғалла майдонларидан бўшайдиган ерларнинг 1 минг 997 гектарига такрорий экин экиш режа қилинганлиги айтилди.
Семинар якунида ғалла майдонларида ўрим-йиғим олдидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, ғалланинг исроф бўлишига йўл қўймаслик борасида фермер хўжаликларининг мутасадди ходимларига, ғаллакор ва механизаторларга тушунтиришлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА