Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Комиссия Раиси З.Низомхўжаев бошқарган мажлисда Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари томонидан Сайлов кодекси нормаларининг бир хилда қўлланилиши кўриб чиқилди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг бўшаб қолган ўринларга сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиётини ҳамда сайлов жиҳозларининг сақланиш ҳолатини манзилли ўрганиш натижалари ҳамда   Марказий сайлов комиссиясининг иш режасининг ижроси тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.

Мажлисда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари фаолиятини ўрганиш натижалари бўйича Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳининг ахбороти муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳининг маълумотномасида берилган таклифлар асосида чора-тадбирлар белгиланиши ва амалга оширилиши юзасидан кўрсатма берилди.

Мажлисда 2022 йил биринчи чорагида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари билан ишлаш, марказий сайлов комиссиясининг ҳуқуқий ҳужжатларини тизимлаштиришга қаратилган ишлар таҳлил этилди.

Сайлов жараёнлари ва сайлов қонунчилигини қўллаш амалиётини такомиллаштириш, марказий сайлов комиссияси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, сайлов тизими ва сайлов жараёнларини кенг ёритиш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишларга эътибор қаратилди.

Марказий сайлов комиссияси фаолиятига ва сайлов жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, сайлов жараёнларига замонавий ўқув технологиялари ва услубий ёндашувларни татбиқ этиш каби  йўналишларда олиб борилган ишлар муҳокама қилинди.

Келгусида юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун комиссия аъзолари котибият ходимлари масъулиятни янада оширишлари лозимлиги қайд этилди.

Мажлисда Комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.