Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида Фарғона вилоятидан келган 130 дан ортиқ фермер захира ер майдонларини олиб, фермерлик ва тадбиркорлик ишларини йўлга қўймоқда.

Жорий йил бошидан буён фарғоналик фермерлар томонидан 90 лойиҳа тайёрланиб, шундан 60 лойиҳага 5 минг 45 гектар ер майдони ажратилди. Бу майдонларда пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда Фарғона вилояти ва Тахтакўпир тумани ҳокимликлари томонидан лойиҳалар тайёрланиб, ер контурлари бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, сув йўллари, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш, боғ яратиш, кўп тармоқли тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиш бўйича берилган ҳар бир таклиф чуқур ўрганиб чиқилмоқда.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА