“Spiegel online” нашрида чоп этилган тадқиқотга асосланиб, бу ҳақда хабар берди ТАСС.
Касал бўлсак, дори ичамиз. Бу яхшику-я, лекин биз қабул қилган дори танамизнинг оғриган нуқтасига етиб бориши учун анча йўл босиб ўтишига тўғри келадида. Мисол учун, дори биринчи ошқозонга тушади. У ерда эриб ичакларга йўл олади. Ичакда сўрилгач, қон-томирлар орқали яна йўлни давом эттиради. То манзилга боргунча қон-томирлар уни йўл-йўлакай бошқа аъзоларга ҳам улашиб кетаверади. Бу жараёнда дорининг таъсир кучи камайиши, бошқа аъзоларга кимёвий зарар етиши мумкин экан.
Штутгартдаги Макс Планк жамиятига қарашли интелектуал тизимлар институти тадқиқотчилари ўзлари яратган мини роботлар ана шу муаммони ечади, деб ҳисобламоқда.
Дори-дармонларни организмнинг айнан оғриган нуқтасига тўғри етказадиган бу митти қурилмалар эмаклаши, сузиши ва ҳатто сакраши мумкин экан. Улар ясси кўринишда бўлиб, ўлчами 4 миллиметр.
Олимлар бу митти қурилмаларни беморларда иложи борича инвазив аралашувларсиз қўлламоқчи.
Дори ташувчи митти қурилмалар ҳудди медуза ва қуртлардек ҳаракатлана олади. Роботларнинг магнитли қисмлари полимерли қават билан ўралган. Ичга юборилгандан сўнг ҳам, ташқаридаги магнит майдони орқали митти роботларнинг ҳаракатларини бошқариб туриш, хатто шаклини ўзгартириш мумкин.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА