Маълумки, жорий йил 24 январдан бошлаб, коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш хавфини олдини олиш мақсадида республикамизнинг барча мактабларида таълим жараёни бир ой муддатга “Онлайн”, яъни масофавий шаклга ўтказилди. Марказий Осиё бўйлаб 25 январь куни юзага келган «блэкаут» сабабли кўплаб IT-компаниялар ва уяли алоқа операторлари иш фаолиятида узилишлар юзага келди. Афсуски, бу жараён Kundalik платформасига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Юзага келаётган ноқулайликлар сабаб, Халқ таълими вазирлиги кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда ўқитувчи ва ота-оналарга қулайлик туғдириш мақсадида масофавий таълим даври якунига қадар электрон Kundalik платформаси билан боғлиқ бир қатор чеклов ва талабларни бекор қилмоқда.

АОКАда ўтказилган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, эндиликда ўқитувчилар уйга вазифаларни ўқувчи ва ота-оналар билан келишган ҳолда Kundalik.com тизими ёки исталган бошқа ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар ёрдамида қабул қилишлари мумкин.

Бунда телевидение орқали эфирга узатилаётган фанлар доирасида ўқитувчилар томонидан берилаётган уйга вазифалар “Онлайн-мактаб” телевизион дастури орқали эфирга узатилаётган дарсларига мос бўлиши лозим. Уйга вазифа топширилгандан кейин ўқитувчилар томонидан уларни баҳолаш ва қўйилган баҳоларни Kundalik.comтизимига ёки Kundalik.com жорий қилинмаган мактабларда босма шаклдаги синф журналларига қўйиш учун 5 (беш) кун муддат берилади.

Шунингдек, ўқитувчилар ҳар кунлик уйга вазифаларни белгиланган иш меъёрлари ва вақтлари доирасида, бир кунда кўпи билан 20 (йигирма) фоизини баҳолаши мумкин. Масалан, синфда 35 нафар ўқитувчи бўлса, бир кунда 7 нафар ўқувчи уйга вазифа топшириб баҳоланади.Кейинги дарс учун кейинги 7 киши баҳоланади. Ушбу меъёрдан ортиқ ўқувчини баҳолаш ўқитувчининг ўз ихтиёрига кўра, ўқувчи ва ота-оналар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга ўқитувчиларимизга масофавий, яъни онлайн шаклдаги таълим даври мобайнида Kundalik.com статистик ҳисоботида “дарсларни ўз вақтида қайд этиш” ва “режалаштириш” кўрсаткичлари ҳисобга олинмайди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА