Тошкент ҳайвонот боғида номаълум сабабларга кўра она 3 яшар қизалоғини ҳайвонот боғида парвариш қилиб келинаётган «Зузу» лақабли Кавказ қўнғир айиғи вольерига ташлаб юборган эди.

Бу ҳодисада айиқ  инсонларга нисбатан дарғазаб бўлмай, вазмин йиртқич эканлигини яққол намоён этгани боис Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари Зузуни очиқ табиатга қўйиб юборишни сўрашган.

Бу ҳақда «Ekolog.uz» Telegram каналида маълум қилинди.

Мазкур сўровга Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати котиби Бунёд Абдуллаев «Зузу» Кавказ қўнғир айиғи бўлгани боис, ўзига жуфт топиши ва очиқ табиатга қанчалик мослашиб кета олиши номаълум эканлиги, шунингдек, мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда бу масала кўриб чиқилишини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, касалхонага олиб келиниши билан қизалоқ Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургияси бўлимига жойланган ва у ерда шифокорлар назорати остида бўлган. Бугунги кунда қизалоқ интенсив терапия хонасига ўтказилиб, даво муолажаларини олишда давом этмоқда.

Даволовчи шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Собир Насимовнинг сўзларига кўра, ҳозирда қизалоқ интенсив терапия хонасида даволанмоқда. Унинг ҳолати турғун, деб баҳоланмоқда. Динамикада назорат кўриги ўтказилди. Қизалоқ келажакда ушбу ҳодиса асоратларидан азият чекмаслиги учун бор имкониятлар ишга солинмоқда.

Тошкент ҳайвонот боғи матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, келгусида қизалоқ ва унинг акасига Тошкент ҳайвонот боғига бир умр бепул кириш имконияти яратиб берилади.

ЎзА