Азалдан деҳқончилик ер юзидаги энг шарафли ва машаққатли касблардан бири ҳисобланиб келган. Шу боис юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари доимий равишда эъзозланиб уларнинг меҳнати улуғланади. Айниқса, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаган ҳолда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар сабаб тизимда салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Барчамизга маълумки, 2021 йил якунида мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини таъминловчи 2022-2026 йилларга
мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди. Ушбу ҳужжат лойиҳасида бошқа соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини жадал ривожлантириш, соҳада сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш, чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш каби бир қатор устувор мақсадлар белгилаб берилган эди.

Ўтган вақт давомида фуқароларимиз ва соҳа мутахассислари томонидан берилган таклифлар сабаб, лойиҳада назарда тутилган мақсадлар янада такомиллашиб, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг аниқ механизмлари белгилаб қўйилди.
Хусусан, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган 100 та мақсадларнинг бир нечтаси, яъни, 30-31-32-мақсадлар айнан соҳани ислоҳ қилишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Жумладан, 30-мақсадда қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини келгуси беш йилда камида 2 бараварга ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини эса камида 5 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун туманларни аниқ маҳсулот турини етиштиришга ихтисослаштириш, қишлоқ хўжалигида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ва суғурталашнинг янги механизмларини амалиётга жорий этиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, янги ва фойдаланишдан чиққан 464 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва кластерларга очиқ танлов асосида ажратиш, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳамда аҳолига очиқ танлов асосида узоқ муддатли ижарага бериш ва бугун барча соҳа ривожи учун муҳим бўлган илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш вазифаси белгиланган.

Хусусан, биргина 2022 йилнинг ўзида Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Андижон, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларида агрохизмат марказлари ташкил этилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни хизматлар билан қамраб олиш даражаси 30 фоизга етказилади.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи йўлида ҳал этилиши лозим бўлган энг муҳим муаммолардан бири, бу – сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласидир. Шу боисдан ҳам тараққиёт стратегиясининг 31-мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш бўйича алоҳида вазифа белгиланган.

Ушбу вазифанинг соҳага татбиқ этилиши натижасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқаришнинг замонавий механизмлари ишга туширилади.

Ҳеч кимга сир эмаски, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жараёнида чорвачилик соҳасининг ҳам алоҳида ўрни бор. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5-2 баравар кўпайтириш бўйича ҳам алоҳида мақсад белгиланган.

Хусусан, 2022 йилнинг ўзида чорва моллари бош сонини кўпайтириш ва маҳсулдорлигини ошириш бўйича 1 868 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Навоий, Тошкент ва Хоразм вилоятларида 100 минг бош гўшт йўналишидаги тез етилувчан қорамолларнинг янги зотларини кўпайтириш, паррандачилик йўналишидаги 306 та лойиҳаларни амалга ошириш, шундан, 7 та корхонани модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳамда 3 та кластер йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш вазифа қилиб қўйилган.

Умуман олганда, ушбу мақсадларнинг соҳага ва ҳаётимизга тизимли равишда изчиллик билан татбиқ этилиши натижасида аввало аҳолимиз дастурхонини ўз вақтида сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва энг муҳими минглаб янги иш ўринлари яратиш орқали фуқаролар турмуш фаровонлигини оширишга эришилади.

 

Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати