Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 2018 йил 21 январь куни 25 йил тўлиши муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини қутладилар.

Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг мактубида бундай дейилади: «Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан табрикларимни қабул қилгайсиз».

Беларусь раҳбари Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлиги кўплаб муҳим йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этган.

Александр Лукашенко «ўзаро англашув, ишонч ва ҳурматга асосланган давлатлараро амалий мулоқот бундан кейин ҳам мамлакатларимизни барқарор ривожлантириш ҳамда беларусь ва ўзбек халқларининг фаровонлиги йўлида мустаҳкамланиб бораверади», деб ишонч билдирган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз мактубида мустаҳкам дўстлик ришталари, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш, умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигининг бугунги даражасини мамлакатимиз юксак қадрлашини таъкидлаган.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва кўп қиррали ҳамкорлигимизни кенгайтиришга бўлган ўзаро интилиш туфайли биз қисқа фурсатда аниқ натижаларга эришдик», дейилади мактубда.

«Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, уни аниқ амалий мазмун билан бойитиш учун олдимизда ҳамкорлигимизнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ ишга солишдек муҳим вазифа турибди, – деб қайд этган давлатимиз раҳбари. – Шу маънода, Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингизни интизорлик билан кутяпман. Бу бизга ўзаро муносабатларимизнинг барча жиҳатларини ҳар томонлама муҳокама қилиш, шунингдек, яқин йилларга мўлжалланган ҳамкорлигимизнинг истиқболли йўналиш ва лойиҳаларини белгилаб олиш имконини бериши шубҳасиз».

 

ЎзА