Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган учрашув кечаси бўлиб ўтди.

Институтнинг ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Қ.Қодиров бошқариб борган учрашувда фахрий ҳарбийлар, Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизони, ҳарбий қисмларнинг командирлари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган эр-йигитлар, шу билан бирга, факультетларнинг декан ўринбосарлари, тьюторлар ҳамда онлайн тарзда «ZOOM» платформаси орқали фаол талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашувда сўзга чиққанлар мамлакатимиз Қуролли Кучларининг ташкил этилиши, сўнгги йилларда янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлигини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқаро нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳақида маълумотлар берди.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Мудофаа доктринаси асосида муҳим ва тарихий қарорлар қабул қилинди. Айниқса, мамлакатимиз миқёсида ҳарбий-маъмурий секторларнинг ташкил этилганлиги, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиб беришда олиб борилаётган ишлар ўз натижаларини бермоқда.

Таъкидлаш жоиз, миллий армиямизнинг минтақавий, халқаро рейтинглардаги, ўтказилаётган ҳар хил мусобақалардаги кўрсаткичлари юқориламоқда. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз дунёда 51 ўрин, МДҲ давлатлари орасида 4 ўрин, Марказий Осиё давлатлари орасида эса 1 ўринни эгалламоқда.

Миллий, минтақавий ва глобал хавфсизликка қарши ҳар хил таҳдидлар юз бераётган бугунги кунда халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечириши, чегараларимиз бутунлиги ҳамда даҳлсизлигини таъминлаш ҳар биримизнинг олдимиздаги асосий вазифалардан биридир.

Тадбирда мана шундай катта мақсадлардан келиб чиқиб, Президентимизнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида кўрсатиб ўтилган еттита устувор йўналишлардан бири мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш эканлиги, шунингдек, бундан келиб чиқиб амалга ошириладиган режалар муҳокама қилинди.

Учрашувда байрам муносабати билан «Халқ ва армия – бир тану бир жон» шиори остида талаба-ёшлар ўртасида онлайн тарзда видеороликлар, иншолар ҳамда плакатлар танловлари, ҳар хил китобхонлик ва интеллектуал турнирлар ўтказилаётганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Тадбир якунида талаба-ёшлар, тьюторлар ва бошқа сўзга чиқувчилар йиғилганларни байрам билан табриклаб, шарафли ва машаққатли фаолиятида зафарлар тилади.

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.

Муаллиф олган расмлар.