Мамлакатимизда санъат саройлари, театрлар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги саҳна асарлари яратиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

700 ўринли замонавий Санъат саройи ҳамда 3 минг ўринга мўлжалланган амфитеатрда “Файз-Бинокор-Олтиариқ” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан 82 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Франция, Англия, Испания, Россия ва Хитойдан келтирилган замонавий овоз ёзиш ҳамда созлаш, ёритиш тизими жиҳозлари, мониторлар ўрнатилди. Санъаткор ва томошабинлар учун барча қулайлик яратилди.

Ҳудуди 32,5 гектар бўлган масканнинг атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Мусиқали фаввора, автомобиллар турадиган жой қурилди, замонавий ёритгичлар ҳамда ўриндиқлар ўрнатилиб, турли дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур маданият масканига таниқли санъаткорларни таклиф қилиб, ҳамкорликда маҳорат дарслари ўтказиш, «устоз-шогирд» анъанасини янада ривожлантириш, Ҳаким Термизий ва Алпомиш ҳақида спектакллар саҳналаштириш бўйича топшириқлар берди.

 

Умар Асроров, ЎзА