Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳарбийлар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни Жануби-ғарбий махсус округига қарашли ҳарбий қисмда бўлди. Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида берилган вазифалар ижроси билан танишди. Ҳарбийлар билан мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар қилди.

Мамлакатимизда яқинда янги таҳрирдаги Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Ундан кўзланган асосий мақсад миллий армиямиз жанговар қудратини янада ошириш, халқимиз тинчлигини таъминлашдир, деди давлатимиз раҳбари. Бундан ташқари, доктринада Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойили, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни янада ривожлантириш, давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини янада мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилди.

Мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада юзага келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар асосида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил этилди. Мудофаа вазирлиги қўшинларини қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва алоқа воситаларининг замонавий турлари билан таъминлаш ишлари янги босқичга кўтарилди.

Ҳарбийларимиз жисмоний бақувват, маънавияти юксак, замонавий билимларни ўзлаштирган шахслар бўлиши керак, деди Президентимиз. Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимизга муносиб тарзда хизмат қилишларингиз лозим, токи ёшларимиз ватанпарварлик ва она юртга садоқат туйғуларида сиздан ўрнак олсин.

Учрашувда ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун жойларда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги айтилди. Ҳарбийларимиз ва уларнинг оилалари учун барча шароит яратиб берилади, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА