Сеул шаҳри мэриясининг халқаро алоқалар бўлими вакили Жонг Мун Баик бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди.
Жанубий Корея делегацияси Халқ қабулхонасида давлат хизматларини тақдим этиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш жараёни, аҳоли учун яратилган шароитлар, шикоят ва аризалар ижросини назорат қилиш механизми билан яқиндан танишди.
Халқ қабулхонасида аҳолидан тушаётган мурожаат, ариза ва шикоятларни рўйхатга олиш, уларнинг ижросини таъминлаш билан боғлиқ барча ташкилий жараён ягона марказлашган тизим ёрдамида амалга оширилади. Аҳолига қўшимча қулайлик яратиш имконини бераётган кутиш, тиббиёт, она ва бола, ногиронларни қабул қилиш хоналари барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Шикоятларни қабул қилиш секторлар бўйича олиб борилиши фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида, давлат органлари, муассасалари ва мансабдор шахслар фаолиятидаги қонун бузилишларини аниқлаш, турли соҳалардаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имконини бермоқда.
Меҳмонларга мурожаатчиларни рўйхатга олиш, навбатни ташкил этиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича дастур ҳақида атрофлича маълумот берилди.
– Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича келишувлар доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Рақамли офис”, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва ўрганиш, давлат хизматларини тақдим этиш бўйича тизимларни татбиқ қилиш кўзда тутилган, – дейди Сеул мэрияси давлат хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари Сунг Гео Парк. – Халқ қабулхонаси билан танишиш асносида унинг фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, мурожаатлар билан ишлашнинг электрон тизимини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Делегация аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигида бўлиб, “Ҳудуд” автоматлаштирилган ахборот тизими, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун яратилаётган “Обод уй” дастури, 1055 хизматида АКТнинг жорий этилганини ўрганишди.