Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Шеробод туманидаги “Euro med plus” хусусий диагностика ва даволаш маркази фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда хусусий тиббиёт ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида олис қишлоқлар аҳолисига ҳам замонавий, юқори технологик ташхис қуйиш ва даволаш имконияти яратилмоқда.
Шу кеча кундузда фойдаланишга топширилган мазкур тиббиёт муассасаси компьютер томографи, рақамли рентген, ультратовуш текшируви, видеогастроскоп, видеокольпаскоп ускуналари билан жиҳозланган. Шунингдек, беморларни ультратовуш, электр, магнит, лазер билан даволаш, умуртқа чурраларини тракцион чўзиш йўллари билан соғломлаштириш имкониятлари мавжуд.
Эндиликда шошилинч ҳолатларда беморлар Термиз шаҳридаги тиббий марказларга бориб келиш ташвишидан қутулди. Агар 182 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Шеробод, қўшни Музработ, Бойсун, Ангор, Қизириқ туманларида тез ва аниқ ташхис қуйишда зарур бўлган замонавий ускуналар етишмаслигини ҳисобга олсак, мазкур тиббиёт маскани фаолиятининг долзарблиги янада намоён бўлади.
Ушбу марказда тиббиёт коллежлари ўқувчилари учун амалиёт маркази ташкил этилган. Шунингдек, келгусида жарроҳлик амалиётларини бажариш ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари клиника имкониятлари билан танишар экан, мазкур шифо маскани билан пойтахтимиздаги “Акфа Медлайн” клиникаси ўртасида ҳамкорликни, тажриба алмашишни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев туманнинг Тароқли маҳалласида ҳам бўлиб, “Покиза” мактабгача таълим нодавлат муассасаси фаолияти билан танишди.