ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳридаги Ёшлар маркази қошида «Ёш ижодкорлар клуби» ташкил этилди.

Клубнинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда таниқли ёзувчи ва шоирлар, ижодкорлар ҳамда истеъдодли ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, ижодкор ёшларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар хусусида  алоҳида тўхталди.
– Клубимизда ижодкор ёшлар асосан адабиётнинг назм, наср, адабий танқид, таржима ва драматургия йўналишлари бўйича фаолият олиб бориши режалаштирилган, – дейди  клуб бош координатори Аллаёр Дармонов. Бошланишига 100 дан зиёд ўғил-қиз клубимизга аъзо бўлиш истагини билдирди.

Келгусида иқтидорли ёшларни янада кўпайтириш ва уларни яқиндан қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча амалий ишлар бажарилиши белгиланган. Хусусан, телевидение ва радио каналларида «Ёш ижодкорлар» номли махсус кўрсатув ҳамда эшиттириш ташкил этиш, республика миқёсидаги  газета ва журналларда ижодкор ёшларнинг проза, поэзия, драматургия жанрларидаги янги асарларини ёритиб борилишига кўмаклашиш, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Қорақалпоғистон  Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда  нашриётларда иқтидорли  ёшларнинг тўпламларини чоп эттириш режалаштирилган.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА