Қорақалпоғистон Республикасида 3-сектор ҳудудида истиқомат қилувчи оилалар ўртасида «Соғлом ва баркамол оила» шиори билан ўтказилган спорт ва китобхонлик мусобақаларининг республика босқичи ғолиблари аниқланди.

Тадбир давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Туризм ва спорт, Маданият ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари қўшма қарорига мувофиқ ўтказилган мусабақада шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 17 та оила вакиллари иштирок этди.

Улар спорт мусобақаларида қувноқ стартлар, овчилар ўйини, эпчиллар, кучлилар, бадминтон, стол тенниси, шахмат ва шашка каби шартларда куч синашган бўлса, китобхонлик йўналишида иштирок этган оилалар ўзларини ва оиласини таништириб, ўқиган китоблари бўйича берилган саволлардан билимларини синовдан ўтказди.

Тадбир якунида спорт йўналишидан Шўманой туманидан Атаниязовлар оиласи, китобхонлик йўналишида Кегайли туманидан Утарбоевлар оиласи биринчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар тоширилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА