Пойтахтимиздаги “Tashkent City Palace” меҳмонхонасида 10 декабрь куни “Олий таълим квалификацияларини тан олиш бўйича конвенцияни қабул қилиш ва жорий этиш учун манфаатдор томонлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш” мавзусида экспертлар учрашуви бўлиб ўтди.

Маълумки, олий таълим соҳасида малакани тан олиш – Осиё-Тинч океани минтақавий Конвенцияси (Токио Конвенцияси) жорий қилинган.

Мазкур ҳужжат Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларида таълим тизими, анъана ва қадриятларидаги хилма-хилликни эътироф этган ҳолда, таълим сифатини узлуксиз ошириб бориш, минтақа фуқаролари, хусусан, талаба ва ўқитувчиларга мавжуд имкониятлардан фойдаланишни енгиллаштириш мақсадини кўзлайди.

Ўзбекистон Республикаси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистонда Токио Конвенциясини қабул қилиш ва жорий этишнинг самарадорлиги ва оқибати, ҳужжатга аъзо мамлакатлар тажрибасини ўрганиш йўлидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари раҳбарияти, Япония, Россия давлатларидан ташриф буюрган мутахассислар, олий таълим муассасалари мутасаддилари иштирок этди.

Олий таълим квалификацияларини тан олиш бўйича конвенцияларнинг ратификация қилиниши юртимизда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш жараёни такомиллаштирилишига, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини малакали кадрлар билан таъминлашга хизмат қилади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев ушбу анжуман Токио Конвенцияси квалификацияларни тан олиш бўйича назария ва амалиётни уйғунлаштириш учун кенг имконият яратиши, Осиё ва Тинч океани минтақасида талабалар эркин ҳаракатланишига ёрдам беришини таъкидлади.

– Миллий таълим тизимининг халқаро ҳамжамиятга интеграциясини, таълим олувчилар ва профессор-ўқитувчилар мобиллигини таъминлаш, хорижда таълим олаётган ёшларимизни Ватанга қайтишидаги сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, малакаларни тан олиш тизимини халқаро стандарт асосида такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, – деди У.Тошкенбоев.

– Таълимни тан олиш жараёни соддалаштирилди. Нострификация тушунчасидан воз кечилиб, “тан олиш” амалиёти жорий этилди. Хорижий олий таълим квалификацияларини тан олиш муддати 30 кундан 10 кунга қисқартирилгани алоҳида эътиборга молик. Шунингдек, жараён рақамлаштирилиб, давлат хизматлари орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Тадбир давомида халқаро экспертлар томонидан олий таълим квалификацияларини тан олиш, сифат ва мобилликни қўллаб-қувватлашга қаратилган Токио Конвенциясининг аҳамияти, асосий шартлари ва имкониятлари ҳамда ратификация жараёни бўйича тақдимотлар намойиш қилинди.

Шу билан бирга конвенцияга қўшилиш билан боғлиқ миллий қонунчиликни такомиллаштириш, йўл харитаси ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда Миллий ахборот маркази ташкил этиш борасида фикр алмашилди. Конвенцияга аъзо хорижий давлатлар мутахассислари ушбу йўналишдаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

– ЮНЕСКО Ўзбекистонда таълим соҳаси ривожлантирилишини мунтазам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қиламан, – деди ташкилотнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Александрос Макаригакис. – Ўйлашимча, таълим сифатини халқаро стандартга мос тарзда ошириб бориш учун ўқитувчиларни ўқитиш тизимига ҳам эътибор қаратиш даркор. Токио Конвенциясига қўшилиш, ҳужжатни ратификация қилиш жараёни айнан бир ташкилот ёки муайян шахсларга боғлиқ эмас. Бу йўлда давлат ва жамият биргаликда ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ.

Конференция иштирокчилари юртимизда халқаро таълим ҳамжамиятига фаол қўшилиш бўйича муҳим қадамлар қўйилаётгани, жумладан, олий таълимда кредит-модуль тизими жорий қилингани, жараён Европа таълим сифатини таъминлаш стандарти ва йўриқномаси (ESG) асосида такомиллаштирилаётганини эътироф этишди.

2018 йил 1 февралдан кучга кирган Токио Конвенциясига айни пайт 12 давлат – Арманистон, Австралия, Хитой, Фижи, Ватикан, Япония, Мўғулистон, Янги Зеландия, Корея Республикаси, Россия ва Туркия қўшилган.

Учрашув давомида иштирокчилар квалификацияни тан олиш учун Токио Конвенциясини жорий қилишнинг фойдали жиҳатлари ёки юзага келиши мумкин бўлган муаммолар тўғрисида ҳам тушунчага эга бўлди, бу борадаги кейинги вазифалар белгилаб олинди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА