Ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давр талаби бўлиб турган бир пайтда сувни тежаш, бу борада янги технология ва услубларни қўллаш, суғориладиган ерларда сувни лимит асосида тақсимлаш ишлари олиб борилмоқда.

Аммо, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим фермер хўжаликлари томонидан бебаҳо неъмат саналган сувни ҳеч қандай талабнома ва ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан истеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан жорий йил 1 ноябрь ҳолатига Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш устидан назорат қилиш соҳасида ўтказилган 2343 та назорат тадбири давомида сув хўжалиги ташкилотида 172 та, сув истеъмолчилари уюшмасида 51 та, фермер ва кластер хўжаликларида 485 та, фуқароларда 134 та, жами 842 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди.

Ушбу ҳолатлар бўйича жами 146 миллион 23 минг сўмлик 220 та маъмурий жарима, 1 миллиард 330 миллион 440 минг сўмлик 416 та жарима санкцияси қўлланилиб, 370 та ҳолат бўйича жиноят ишлари бўйича судларга, 2 та қонунбузилиш ҳолати прокуратура органига юборилган. Бундан ташқари, 1582 та огоҳлантириш, 229 ёзма кўрсатма ва 21 та тақдимнома тегишли ташкилот раҳбарларига киритилди. Жумладан, Нукус туманидаги “Муятдин қайшили” фермер хўжалиги томонидан туман сув истеъмолчилари уюшмасига талабнома бермасдан ўзбошимчалик билан 49700 м3 сувни истеъмол қилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан 4 миллион 26 минг сўмлик, Элликқалъа туманидаги “Абдуллазиз Зулайхо” фермер хўжалиги томонидан “Бургутқалъа сув ҳаёти” сув истеъмолчилари уюшмаси билан шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан 260924 м3 сувни олганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан 21 миллион 134 минг сўмлик жарима санкциялари қўлланилган.

Хўжайли туманидаги “Ажинияз қандекли” фермер хўжалиги томонидан талабномасиз, ўзбошимчалик билан 121500 м3 сувни олганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан 9 миллион 841 минг сўмлик, Қўнғирот туманидаги “Памир тау” фермер хўжалиги томонидан талабномасиз, ўзбошимчалик билан 3850 м3 сувни олганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан 311 минг 850 сўмлик жарима санкцияси қўлланилди.

Беруний туманидаги “Қиятобод” сув истеъмолчилари уюшмаси фермер хўжаликлари билан, шунингдек, Шуманой туманидаги “Бирлешик” овул фуқаролар йиғини раиси томонидан сувнинг олди-берди журналлари юритилмаганлиги аниқланиб мазкур ҳолатлар юзасидан СИУ ҳамда овул фуқаролар йиғини раисларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий жарима қўлланилди. Қонликўл туманидаги “Мияссар Мадина” фермер хўжалиги томонидан талабномасиз, ўзбошимчалик билан 14900 м3, Кегайли туманидаги “Наргиза Кенгесбаева” фермер хўжалиги томонидан талабномасиз, ўзбошимчалик билан 21420 м3 сувни олганлиги аниқланди.

Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Қораўзак тумани “Маданият” насос станциясидаги сувнинг олди-берди журналларида таъминотчи ва истеъмолчиларнинг имзолари қўйилмаганлиги аниқланиб, масъул ходимларга маъмурий жарима қўлланилди.

Мазкур йўналиш бўйича доимий равишда назорат ишлари олиб борилмоқда. Халқимизда “Сувнинг ҳам сўрови бор”, деган ибора бежизга айтилмаган. Сўнгги йилларда сув тансиқлиги кузатилаётган бир пайтда бундай ҳолатларнинг қайд этилиши, жойларда бу борада назорат тадбирларини янада кучайтиришни тақозо этади.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА