Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Сайлов жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Пекось, ички ишлар вазирининг ўринбосари Н.Тўрахўжаев, Кадастр агентлиги директори ўринбосари М. Мирмақсудов ва Давлат персоналлаштириш маркази раҳбари У.Тошхўжаевларнинг Сайлов жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотлари тингланди.

Комиссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси аъзоси Олеся Вечнинг берган аризасига мувофиқ, у ўз вазифасини бажаришдан озод қилинди.  Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Юсуфбек Ғафуров 11-Фарғона округ сайлов комиссияси аъзоси этиб тасдиқланди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 177 нафар хорижий (халқаро) кузатувчини аккредитациядан ўтказиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилди. Турли халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан жами 177 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди. Шундай қилиб,  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар умумий сони 557  нафарни ташкил этмоқда. Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятларини амалга ошириши учун мандатларни қонунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Мажлисда, шунингдек, 62 нафар маҳаллий  ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами 1 минг 419 нафар,  хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 146  нафарни ташкил этмоқда.

 

Нурилло Насриев, ЎзА