Навоий вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини 2 баробарга ошириш чоралари кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев навоийлик сайловчилар билан учрашувида бу борада алоҳида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, бу борада, биринчидан, келгуси беш йилда фойдаланишдан чиққан 50 минг гектар ер ўзлаштирилиб, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик ривожлантирилади. Бу қарийб 35 минг аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради. Бунда электр тортиш ва қудуқ қазиш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор ва Хатирчида 14 минг гектарда янги токзорлар ҳамда 5 минг гектарда интенсив боғлар барпо этилади. Натижада 20 мингдан ортиқ аҳоли банд бўлади.

Вилоятда минг гектарда замонавий иссиқхоналар ишга туширилади ва 3 минг хонадонда ихчам иссиқхоналар қурилади. Бу орқали 7 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланади.

Иккинчидан, вилоятда 9 миллион гектарга яқин яйловлар мавжуд бўлиб, чорвачиликни ривожлантириш учун жуда катта имконият бор.

Конимех, Томди ва Учқудуқ ҳудудидаги яйловларда яроқсиз 120 та қудуқ бюджет ҳисобидан тикланади.

Томдида 3 минг бошга мўлжалланган туячилик, Учқудуқда 4 минг бош йилқичилик комплекслари ишга туширилади.

Конимех туманида 2 минг 300 гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, қорамол сони 500 бошдан кам бўлмаган янги чорвачилик лойиҳаларига танлов асосида берилади.

Вилоятда балиқ етиштириш ҳажми 3 баробарга кўпайтирилиб, 40 минг тоннага етказилади.

Учинчидан, келгуси беш йилда 57 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ва 45 минг гектарнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Сув таъминоти оғир бўлган 58 та маҳаллада 2 мингта қудуқ қазиб берилади.

Шунингдек, 106 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинади ва 109 минг гектар экин ерларини лазерли текислаш йўлга қўйилади. Бу 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради.

Шу билан бирга, 51 миллион доллар ҳисобига 20 та насос станцияси модернизация қилинади.

ЎзА