Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев навоийлик сайловчилар билан учрашувда вилоятда малакали кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталди.

– Келгуси беш йилда Навоий вилоятида 12 минг олий, ишчи касблар бўйича 40 минг ўрта маълумотли мутахассисларга талаб бўлади. Шу сабабли Навоий вилоятини муҳандис мутахассисларни тайёрлаш бўйича республика марказига айлантириш дастурини амалга оширамиз. Бунинг учун Навоий кончилик институти негизида қарийб 15 минг талабани ўқитадиган Политехника университети ташкил этилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, Навоий давлат педагогика институти қуввати қўшимча 6 минг ўринга кенгайтирилади. Натижада вилоятда 20 та янги йўналиш очилиб, олий таълим билан қамров даражаси 37 фоиздан 60 фоизга етказилади.

Аҳолини касб-ҳунарга ўқитишнинг мутлақо янги тизими ташкил этилади. Бунда, вилоятдаги 60 та касб-ҳунар мактаби ва марказлари, мономарказ ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлайдиган Навоий кон-металлургия комбинати ва “Навоийазот”га бириктирилади.

ЎзА.