Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида сурхондарёлик сайловчилар билан учрашув ўтказмоқда.

Тадбирни номзоднинг Сурхондарё вилояти бўйича ишончли вакили А.Эшмуратов очди. Сўз Шавкат Мирзиёевга берилди.

– Сурхон – кўҳна цивилизациялар, бой тарих ва маданиятни мужассам этган қадимий замин. Тарихда Бохтар, Тоҳаристон, Чағониён каби давлатлар, Кушондек буюк империялар айнан шу ҳудудда гуллаб-яшнаган. Фаёзтепа, Қоратепа, Далварзинтепа, Холчаён каби археологик манзилгоҳлар бу замин буддизм маркази сифатида шуҳрат қозонганидан далолат беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда Япония, Хитой, Жанубий Корея, Таиланд, Лаос каби мамлакатларда буддизмга эътиқод қиладиган миллионлаб одамлар учун бундай ёдгорликлар ҳали очилмаган қўриқ бўлиб тургани қайд этилди.

Шу билан бирга кейинги йилларда Сурхон воҳасидан етишиб чиққан Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий, Собир Термизий, Алоуддин Аттор, Сўфи Оллоёр сингари буюк ва машҳур олиму уламолар, шоир ва адиблар хотирасига эҳтиром кўрсатиш бўйича катта ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Олтинсой туманидаги Сўфи Оллоёр мақбарасини обод қилиш, бу ерда зиёратчилар учун қулайликлар яратиш, шунингдек, Султон Саодат мажмуасини тубдан янгилаш ишлари бошланганига тўхталиб ўтди.

Вилоятдан етишиб чиққан Ўзбекистон Қаҳрамонлари, олимлар, адиблар, спортчилар, таниқли тадбиркорлар, кластер раҳбарлари ва фермерларнинг номларини алоҳида қайд этди.

– Сурхондарёдаги минг-минглаб бундай фидойи юртдошларимиз тимсолида биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда фаол иштирок этаётган сурхондарёлик чинакам ватанпарвар инсонларни кўрамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.