Енгилмас Шоҳжаҳон жангдан олдин нималар деди

Бугун тунда енгилмас профессионал боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев (11-0, КО 11) ўзининг навбатдаги жангида америкалик Сони Фредриксонга (18-0-0, КО12) қарши рингга кўтарилади.

Нью-Йорк шаҳридаги “Turning Stone Casino Resort” аренасида ташкил этиладиган мазкур жанг 12 январь куни Тошкент вақти билан 13 январь соат 08:00да бошланади.
Жанг олдидан Шоҳжаҳон Эргашев мазкур беллашувдан нималар кутаётгани ҳақида ЎзА мухбирига хабар берди.
– Америкалик боксчи Сони Фредриксонга қарши ўтадиган жангга кўп вақт мобайнида тайёргарлик кўрдим. У каби рингда ҳаракат қиладиган боксчилар билан спаррингларда иштирок этдим. Мен Сонига қарши рингга кўтарилишга тайёрман. Умид қиламанки, халқимиз ва менга ишонч билдирган барча яқинларимни хурсанд қиламан. Бу жанг менинг фаолиятимда муҳим аҳамият касб этади. Аввал айтганимдек профессионал бокснинг ярим енгил вазн тоифасида чемпионлик камарини қўлга киритмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, жамоам ва Showtime’га ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз бокс мухлисларининг хоҳиш ва истакларини инобатга олиб жанг “SPORT” телеканалида тўғридан-тўғри олиб кўрсатилади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА