Ёшлар пресс-клубида халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл тўплаган ва имтиҳон ҳаражатлари қопланиши тавсия этилган ёшлар билан Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев учрашди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 февралдаги “2017 – 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш ва ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларнинг турли йўналишлари ҳақида маълумотлар берилди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш ҳаражатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мазкур қарор 2021 йил 13 апрелдан кучга кирди.

Жорий йил 6 июнга қадар Ёшлар ишлари агентлигига имтиҳон ҳаражатларини қоплаб беришни сўраб, жами 461 та ариза келиб тушган. Шундан, 171 таси махсус сертификат қарор кучга кирган санадан олдин олинганлиги сабабли рад этилди. 290 нафар ёшнинг 523 миллион 405 минг 869 сўмлик имтиҳон ҳаражатлари Ёшлар агентлиги томонидан Халқ банкининг ҳудудий филиаллари орқали тўлаб берилмоқда.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА