Ҳурматли ва азиз фермерлар!

Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин бўлган шароитда қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробарга кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги иш ўринларини яратиш муҳим вазифалардан биридир. Шундай мураккаб паллада деҳқону фермерларимиз ҳар қачонгидан кўра кўпроқ масъулият билан тер тўкмоқдалар.

Азалдан халқимиз нонни энг улуғ неъмат билиб қадрлайди. Улкан заҳматлар эвазига етиштирилган ҳосилнинг бир донасини ҳам нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш билан деҳқонларимизнинг меҳнати тугамайди.

Галдаги вазифа ғалладан бўшаган ер майдонларига халқимиз дастурхони учун зарур бўлган такрорий экинларни вақтида экиш ва юксак ҳосилдорликка эришишдир.

Сўнгги йилларда деҳқонларимизнинг самарали меҳнати ва соҳада илмий асосланган агротехнологияларнинг қўлланилиши натижасида мўл ҳосил олиш имконияти кенгайиб бормоқда.

Аграр соҳада бозор тамойиллари кенг жорий қилиниши натижасида фермер ва деҳқонларимизнинг иш самарадорлиги ва моддий манфаатдорлиги ошиб бормоқда. Илгари фойдаланишдан чиққан ерлар ўзлаштирилмоқда.

Бугун фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, кластерлар билан ҳамкорликда мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ёшларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш сиёсатини фермерлар қўллаб-қувватланиши натижасида, уларга қарийб 60 минг гектар ер ажратиб берилди, тажрибали фермер ва деҳқонлар бириктирилиб, ҳар томонлама кўмаклашилмоқда.

Бундай ерларда деҳқончилик қилаётган шижоатли, ғайратли ёшларимиз бугун биринчи ҳосилни йиғиштириб олишаяпти ва иккинчи экинни экишни бошлаб юборишди.

Натижада, республика бўйича 200 мингдан зиёд ёшлар бир мавсум давомида камида 10-15 миллион сўмдан даромад олиш имкониятига эга бўлишди.

Ҳурматли Фермерлар!

Бошоқли дон маҳсулотларини нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, ғалладан бўшаган ерлардан самарали фойдаланиш ва экспортбоп сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштиришда фермер хўжаликлари масъулиятини янада ошириш мақсадида қуйидаги муҳим тадбирларни амалга оширишингизни:

биринчидан, етиштирилган бошоқли дон маҳсулотларини нес-нобуд қилмасдан қисқа муддатларда йиғиштириб олиш учун барча зарур чораларни кўриш;

иккинчидан, ғалладан бўшаган ер майдонларини тезкорлик билан сомондан тозалаб, шудгорлаб, ерларни экишга тайёрлаш ишларини ташкил этишингиз;

учинчидан, ғалладан бўшаган ерларни биринчи навбатда ишсизлар, эҳтиёжманд оилалар вакиллари, ёшлар ва аёллар дафтаридаги фуқароларга ҳамда томорқадан самарали фойдаланаётган томорқа ер эгаларига такрорий экин экиш учун мавсумий ижара шартномаси асосида ўртача 20 сотихдан беғараз ер ажратиб бериш ва экиш ишларида кўмаклашишингиз;

тўртинчидан, ажратилган ер майдонида ўз кўмагингиз остида такрорий экинлар экилишини таъминлашингиз, келгусида кўпроқ экспортбоп маҳсулотлар етиштирилишида ҳамда ишсиз, камбағал аҳолининг даромадларини ошишида ўз ҳиссангизни қўшишингизни сўраймиз.

Бундай саховатпешалик билан қилинган ишларингиз Ҳукуматимиз томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, солиқ имтиёзлари берилмоқда. Шунингдек, туман сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, Фермерлар кенгаши ходимлари Сизга такрорий экин экадиган талабгорлар билан шартнома муносабатларини расмийлаштиришда, уларни уруғ, кўчат ва бошқа моддий техника ресурслари билан таъминлашда ҳамда етиштирилган ҳосилни реализация қилишда мева-сабзавот кластерлари, “Томорқа хизмати” МЧЖлар, экспортёр корхоналари томонидан яқиндан кўмак берилади.

Зеро, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ишсиз фуқароларга ажратиладиган 15-20 сотих ерларда деҳқончилик қилиши, уларга
8-10 миллион сўм даромад олиб келади, бу билан Сиз ёшлар, аёллар ҳамда хорижда ишлаб юрган ва ишлаб қайтган ишсиз аҳолимизни иш билан таъминлашга катта ҳисса қўшган бўласиз.

Азиз ва қадрли фермерлар!

Бугун халқимиз Сизни “ризқ-рўзимиз бунёдкорлари” деб улуғлаб, шижоатингиз, ғайрат ва матонатингизга кўз тикиб турганини бир зум бўлса-да, эсдан чиқармаслигингиз керак.

Дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон бўлиши сизнинг машаққатли меҳнатингизга боғлиқ.

Нега деганда, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фермер ва деҳқонларимизнинг ўрни беқиёс бўлиб, уни ҳеч нарса билан ўлчаб ҳам, баҳолаб ҳам бўлмайди.

Биз ҳурматли Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақирамиз!

Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилаймиз. Бу йилги мавсумда улкан хирмон барпо этиб, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши ҳаммамизга насиб этсин!

Ўзбекистон фермер, деҳқон

хўжаликлари ва томорқа ер

эгалари кенгаши