– Савол: Тўланган контракт тўловимдан 12 фоиз даромад солиғини қайтариб олсам бўладими?

– Жавоб: Жисмоний шахсларга солиқ чегирмаси ўқиш учун тўлов ўз маблағлари, жисмоний шахсга тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари, юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган маблағлари (ссудалар) ҳисобидан амалга оширилганда тақдим этилади.

Ўзи ёки фарзандларининг ўқиши учун тўланганда солиқ чегирмаси жисмоний шахс — таълим олувчи, шунингдек, агар ўқиш учун тўлов таълим олувчи йигирма олти ёшга тўлгунига қадар амалга оширилган бўлса унинг ота-оналарига берилади.

Тўлов манбаида солиқ чегирмаси таълим учун тўлов қуйидагилар ҳисобига амалга оширилганда тақдим этилади:

– тўланган суммаларни жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадларидан кейинчалик ушлаб қолиш шарти билан берилган иш берувчининг маблағлари;

– Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртига ёки тижорат банкига олинган таълим кредитини қоплаш эвазига иш берувчи томонидан ўтказиб бериладиган жисмоний шахснинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари.

Солиқ чегирмасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун қуйидагилар тақдим этилади:

– тўловли-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

– банк билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;

– ОТМ ҳисоб рақамига пул мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

– паспорт нусхаси ва талабанинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Олий ўқув юртлари ва тижорат банклари томонидан маблағларни қайтариб бериш ушбу маблағлар олинган шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказиб бериш орқали амалга оширилади.

Тўлов иш ҳақидан эмас, мустақил амалга оширилганда йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни топширган ҳолда солиқ чегирмасидан фойдаланиш мумкин.

Демак, сиз юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни тақдим этган ҳолда солиқ чегирмасига эга бўлишингиз мумкин.

Ушбу материал ТДЮУнинг «Юридик клиникаси” талабалари томонидан ўқитувчилар назорати остида тайёрланди.

 

Гулноза БОБОЕВА,

ЎзА