Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар муҳокама этилди. Жумладан, “Транспорт тўғрисида”ги, “Фазовий маълумотлар тўғрисида”ги, “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қўмита аъзолари томонидан батафсил муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли Конвенциясини (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, “Транспорт тўғрисида”ги қонуннинг асосий мақсади халқаро меъёрларни инобатга олган ҳолда барча турдаги транспорт воситаларининг оптимал ва мувозанатлашган ўзаро алоқаси ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилашдан иборат. Бу, ўз навбатида, соҳа фаолиятини самарали ташкил этишда ягона транспорт тармоғига бирлашиш, самарали транспорт-логистика тизимидан фойдаланиш асосида транспорт турларини уйғун ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутади.
Бундан ташқари, йиғилишда “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун ҳам чуқур таҳлил қилинди. Хусусан, ушбу қонун бугунги кунда юқори суръатларда ривожланиб бораётган мамлакатимиз кон-металлургия саноатини тартибга солиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Қўмита йиғилишида Давлат бюджетининг 2020 йил якунлари бўйича ижроси ҳам кўриб чиқилди. Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари 144 триллион 142,7 миллиард сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,8 фоизни ташкил этган.
Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик тадбирлар учун 44,1 миллиард сўм маблағ сарфланган. Шунингдек, 2020 йил Оролбўйи минтақасини ривожлантириш дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида амалга ошириладиган 149 та лойиҳага ажратилган маблағлар миқдори 207,1 миллиард сўмни ташкил этгани қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш дастури ижроси юзасидан ҳам ахборот берилди. Таъкидланганидек, Дастурга мувофиқ жорий йил 1 май ҳолатига 840 та лойиҳа ишга туширилиб, 5 минг 75 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозирда Оролбўйи ҳудудларида Халқаро молия институтларининг 1 миллиард 326,7 миллион долларлик 20 та лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Қўмита ташаббуси билан жорий йил 3-6 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги терапия йўналишидаги бош мутахассисларидан иборат гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасидаги “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ва ётоқда қолган беморларни “хонадонбай” тизими асосида тиббий кўрикдан ўтказди. Нукус шаҳри, Қўнғирот, Чимбой ва Беруний туманларида истиқомат қилувчи 226 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилди. Беморларнинг 11 нафари Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт марказида, 4 нафари Тошкентдаги ихтисослаштирилган тиббий марказларда даволанишга, 3 нафари буйрак трансплантациясига ҳамда бир нафари юрак жарроҳлик операциясига тавсия қилинди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА