Бугун, 13 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида туман тиббиёт бирлашмалари фаолияти танқид қилинди.
Йиғилишда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда хизматлар сифатига, уларни жиҳозлашга ҳамда бирламчи бўғин тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини оширишга шахсан масъул экани айтилди.
– Туман ва шаҳар ҳокимлари бир нарсани аниқ тушуниб олишлари зарур. Агар улар қўшимча маблағ ажратиб, ўз ҳудудидаги оилавий шифокор пункти
ва поликлиникаларда шароитни яхшиласа, малакали шифокорларни кўпайтирса, аҳолининг 70 фоиз муаммолари жойида ҳал бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда маълум қилинишича, Китоб туманида хатлов натижасига кўра, бир ой ичида учинчи ва тўртинчи гуруҳга мансуб 20 турдан ортиқ касалликлар бўйича 1,5 минг нафар беморларга жойида керакли ёрдам кўрсатилгани боис, вилоят ва республика шифохоналарига мурожаат 2 бараварга камайган.
Кармана ва Боёвут туманлари, Каттақўрғон ва Чирчиқ шаҳарларида ҳам аҳоли билан “маҳаллабай” тизимда ишлаш ўз самарасини бермоқда.
Аксинча, 20 та туманда тиббиёт бирлашмаларининг ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Булар – Қоровулбозор, Чироқчи, Қамаши, Қўнғирот, Чимбой, Марҳамат, Жалақудуқ, Зарбдор, Мингбулоқ, Поп, Оқдарё, Сайхунобод, Ангор, Пскент, Юқоричирчиқ, Ёзёвон, Учкўприк, Янгиариқ, Хива, Сергели туманларидир.
Давлатимиз раҳбари туман тиббиёт бирлашмалари фаолияти бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслигини танқид қилди.
– Туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари маҳаллаларда юришни унутган, улар кабинетда ўтириб касални қабул қилишни ўйлаяпти. Улар бу учун ташкил қилинмаган-ку? Умуман бу тизимни ўзгартириш керак. 20 та туман рўйхати бор, Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев ушбу туманлар тиббиёт бирлашмалари фаолиятини кўриб чиқиши керак. Туман раҳбарлари шошилинч ёрдам бўлимлари билан бирга “маҳаллабай” юриш тизимини мутлақо бошқача жорий қилишимиз керак. Қандай оғир бўлмасин, бизда бу тизим йўқ. Кечаги “райздрав” бугунги ислоҳотларни амалга оширолмайди, – деди Президент.
ЎзА