Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Элликқалъа туман прокуратураси ҳамда ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида яна бир жиноят фош этилди.

Фуқаро К.М. Р.Ж.нинг ишончига кириб, унга 9 минг АҚШ доллари эвазига «Бўстон жой таъмирлаш» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига тегишли ҳудуддан 2 та дўкон қуриш учун ер майдони ажратиб беришини ваъда қилади. Жорий йилнинг 21 апрель куни ўзининг Элликқалъа туманидаги уйи олдида ариза муаллифидан келишилган пулни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланди. Ундан кимёвий ишлов берилган 9000 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан фуқаро К.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА