Китобга ҳамроз умр

Атоқли таржимон, адиб ва олим, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. 

Ўзбек Миллий академик драма театрида шу муносабат билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иброҳим Ғафуровга табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, ижод аҳли жам бўлган кечада юридик фанлари доктори, профессор А.Саидов, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Н.Жонузоқ ва бошқалар ўзининг кенг қамровли ижоди билан китобхонлар қалбидан жой олган Иброҳим Ғафуров адабиётимизнинг ҳақиқий жонкуяри сифатида фаоллик кўрсатаётгани, айниқса, унинг таржималари халқимизни, ёш авлодни жаҳон адабиётига ошно этаётганини алоҳида таъкидлади.

Иброҳим Ғафуров 1937 йил 27 декабрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг ижодий шаклланишида талабалик йиллари ва меҳнат фаолияти муҳим омил бўлди. Ижодкорнинг илк китоби «Гўзалликнинг олмос қирралари» деб номланган. Кейинчалик унинг “Ўттиз йил изҳори”, “Унутилмаган боғ”, “Жозиба”, “Юрак – аланга”, “Ёнар сўз”, “Ям-яшил дарахт”, “Лириканинг юраги”, “Шеърият – изланиш демак”, “Тил эркинлиги” сингари китоблари бирин-кетин нашр этилди. Адибнинг «Ҳаё – халоскор», «Мангу латофат» ва бошқа қатор мансуралари аллақачон ўқувчиларнинг кўнгил мулкига айланиб улгурган.

– Иброҳим Ғафуров таржима соҳасида ўзига хос мактаб яратган улкан ижодкор, – дейди академик Бахтиёр Назаров. – У жаҳон адабиётининг улуғ намояндалари асарларини она тилимизга таржима қилиб, ўзбек китобхонини чет эл адабиёти билан таништиришга муносиб ҳисса қўшди. Сўз ва сўз сеҳрини юракдан ҳис этган И.Ғафуров «Жиноят ва жазо», «Телба», «Қиморбоз», «Азизим», «Алвидо қурол», «Чол ва денгиз», «Қиёмат», «Ёнғин» каби асарларни таржималарида бутунлай янги талқинда, ўзбекона руҳиятда намоён қила олди.

16.JPG

– Бугунги тадбир оиламиз учун катта шодиёна ва унутилмас хотираларга бой бўлди, – дейди ижодкорнинг фарзанди Ҳумоюн Ғафуров. – Отамизнинг камтарона меҳнатини муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев юксак қадрлаб, табрик йўллади. Кеча иштирокчилари қаторида бундай улуғ эҳтиромни биз фарзандлари ҳам шодлик ва ҳаяжон билан эшитдик. Президентимизга, халқимизга оиламиз номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз.

20 (1).JPG

Тантанали тадбирда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан яратилган Иброҳим Ғафуров ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар, шоирлар томонидан шеърлар ўқилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА