Бир маротаба эмас, нақд 13 маротаба Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик кодексининг 128-модда 2-бандида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этиб, белгиланган жарималардан бўйин товлаб юрган Э. исмли аёлнинг автомашинаси МИБ томонидан қидирувга берилди.

Мажбурий ижро бюросининг Яшнобод туман бўлимига Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБнинг 2020 йилдаги 13 та қарорига асосан фуқаро Э.Ш.дан 13 маротаба Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128-моддаси, 2-қисмида назарда тутилган қоидабузарлик («Транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш”)ни

содир этганлиги сабабли давлат фойдасига жами 16 млн. 502 минг маъмурий жарима ундириш ҳақидаги ижро иши Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг 23-моддасига асосан қўзғатилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида дастлаб қарздорга ижро ҳужжати юзасидан ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ тушунтирилиб, белгиланган тартибда ихтиёрий муддат берилган.

Шунга қарамай, қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби бажарилмаган. Давлат ижрочиси қарздорга тегишли «Cobalt»  транспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилган.

Қарздорнинг ижро ҳужжати юзасидан мажбуриятини бажармаслик кўпга чўзилмади. Бюронинг тезкор қидирув шўбаси инспектори томонидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида транспорт воситаси топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди ҳамда транспорт воситаси тегишли тартибда хатланиб банд солинди.

Қарздорга тегишли транспорт воситаси реализация қилингунига қадар қарздор томонидан барча қарздорлик давлат фойдасига тўланганлиги сабабли ижро иши юритиш тамомланди.

Маълумот учун аҳоли орасида Ўзбекистонда автомобилнинг олд қисмига монитор ўрнатиш ёки ундан фойдаланиш бўйича муҳокамалар давом этаяпти, кўплаб автотранспорт эгаларининг иддао қилишларича, мониторлар ишлаб чиқарувчи заводлар томонидан ўрнатилса, жарима солинмайди, аксинча, фуқароларнинг ўзлари томонидан ўрнатилса, жаримага сабаб бўлади, бу масалада мантиқ қани?

Шунингдек 2020 йилнинг ноябрь ойида Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида «Автомобиль олд қисмига монитор ўрнатганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш» таклиф этилган эди.

 

ЎзА