Президентимиз Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида Молия вазирлиги тизимидаги собиқ вазир ва собиқ бошқарма бошлиғининг иш услубини жиддий танқид қилган эди.
Давлатимиз раҳбари танқид қилган Элла Острогожская аслида ким бўлган?
Ижтимоий тармоқларда Элла Острогожскаянинг ақл бовар қилмас даражада «ўзлаштириб юборилган» маблағлари ва унинг чет элда ўқиб, ўша ерда яшаб қолган фарзанди ҳақида баён этилган. Шунингдек, чет давлатларда қимматбаҳо мулклари борлиги ва бошқа мамлакатнинг фуқаролигига эга эканлиги қайд этилган.
Бизда бу фактларни тасдиқловчи аниқ маълумотлар йўқ. Қўлимиздаги расмий маълумотларга қайтамиз.
Э.Острогожская кўп йиллар Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаган. Фаолияти давомида республика иқтисодиётига ва давлат бюджетига катта зарар етказган. Ўзини хон, кўланкасини майдон, деб ҳисоблаган бу хоним бюджет профицити кўрсаткичларини сохталаштириш, бу орқали эса сохта обрў-эътибор қозонишга ҳаракат қилган.
Ҳар йили ҳисобот йилининг 15 декабридан бошлаб бюджет ташкилотлари бўйича барча турдаги ҳаражатларни, шу жумладан озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарурий тўловларни сунъий тўхтатиб қўйган. Собиқ вазир билан тил бириктириб Давлат раҳбарига ёлғон ҳисобот беришни одатий ҳолга айлантирган.
Оқибатда ҳудудларнинг режадан ошириб бажарган даромадлари республика бюджетига мажбуран олиб қўйилган. Уларнинг устидан ҳукм ўтказиб, бош эгиб келмагунча эркин маблағлар қолдиғи уларнинг ихтиёрига берилмаган.
Вазият шунгача борганки, Э.Острогожская собиқ вазир ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи билан тил бириктириб, вазир ўринбосарларига ҳам тазйиқ ўтказа бошлаган. Ўзига ёқмаганларнинг лавозимини пасайтирган ёки уларни ишдан бўшатиб, қутилиб қўяқолган.
Биргина мисол: ҳудудларнинг молиявий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган вазир ўринбосарларидан бирини дастлаб, Жамғармага, кейинчалик энг қуйи бўғинга ишга юборган.
Бугунги кунда ҳақиқат қарор топиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур шахс муносиб лавозимга тайинланди.
Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда халқимизнинг энг зарур эҳтиёжлари умуман ҳисобга олинмаган.
Шу ўринда бир факт: 2016 йилда Давлат бюджетидан Тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун бор-йўғи 483 сўм кўзда тутилган. Республика бўйича жами дори-дармон ва тиббиёт воситаларига 229 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу рақамларни таққослаш учун 2018 йил Давлат бюджети параметрларида Тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун 5 000 сўм ёки жами дори-дармон ва тиббиёт воситаларига 915 миллиард сўм (4 бараварга кўп) режалаштирилганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин. Энди тасаввур қилинг: Тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун 483 сўм белгилаган бу «жонкуялар» наҳотки кетадиган харажатларни ҳисобга олмаган бўлса?
Битта шприц ёки бинт ҳам бундан қиммат-ку?
Техника харажатлари, шифокорнинг бир кунлик меҳнатини ким қоплайди?
Аслида Тез тиббий ёрдамга чақирилган шифокорнинг кўзингизга қараб туришига, жамиятимизда коррупцияга йўл очган шахслар шулар эмасмикан?!
Бу ҳали бир соҳанинг бир йўналиши. Энди давлат бюджетини тасаввур қилаверинг!