Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида Президентнинг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ёшлар олдида ҳисобот берди.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ижроси доирасида амалга оширилган ишлар, амалиётга татбиқ этилган лойиҳалар, эришилган натижалар таҳлил этилди.

Юртимизда ёш авлодни баркамол инсон, етук кадрлар этиб тарбиялаш ҳамиша муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ёшларга оид қонун, қарорларнинг мунтазам қабул қилинаётгани ва уларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани фикримизнинг далилидир. Ёш авлоднинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларининг такомиллашуви ёшлар учун кенг имкониятлар очмоқда.

Иттифоқ қошида Ёшлар қабулхонасининг ташкил этилгани ҳам бу борада самарали натижаларга эришишда муҳим омил бўлди. Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Бухоро ва Наманган вилоятларида бешта “Ёшлар маркази” қурилди. Унинг қошида турли тўгараклар ташкил этиш, ёшларни бирлаштириш мақсадида лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётир. Келгуси йилда бу каби марказларни бошқа вилоятларда ҳам қуриш ишлари давом этади.

Ёшларни иш билан таъминлаш, улар учун уй-жойлар қуриш, хорижда ўқиши, малака ошириши учун кенг имкониятлар яратиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Самарқанд вилоятида яшовчи Камолиддин Аликовнинг 35 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди. У айни вақтда нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи цех очиб, ўзи каби етти нафар етим йигит-қизнинг бандлигини таъминлади.

Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар кўрилди. Тўғри йўлдан адашган, жиноят кўчасига кириб қолган 24 нафар йигит-қиз ташкилотнинг кафолатига асосан суд залидан озод этилди, 252 нафар афв этилган ёшлар Иттифоқнинг фаол ёшларига бириктирилди. Уларни фойдали меҳнатга жалб этиш лойиҳаси доирасида 144 нафари иш билан таъминланди.

Келгуси йилда 2 минг 149 та арзон уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилади. 2018-2021 йилларда 258 кўп қаватли уй қурилади. Имконияти чекланган, ижодкор, фаол, турли лойиҳаларда иштирок этаётган, илмий изланишлар олиб бораётган ёшлар ушбу уй-жойларни имтиёзли равишда олиши мумкин.

Хорижга ишга ва ўқишга борадиган ёшларнинг билимларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилади. 2018 йил 5 январдан бошлаб коллежлар, лицейлар, таълим муассасалари қошида тил ўқитиш ва касб ўргатиш курслари ташкил этилади.

Салоҳиятли кадрларни вояга етказиш, билимини мустаҳкамлаш, малака оширишига кўмаклашиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан ҳам маълумот берилди.

Онлайн тарзда ташкил этилган очиқ мулоқотда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА