Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, йирик лойиҳалар билан танишиш, аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Фарғона шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

– Бу ерга келишдан олдин кўп-кўп таҳлил қилдик. Келиб-кетиш осон. Лекин 4 миллионлик вилоят аҳолисига нима манфаат бўлади, деган савол кўндаланг турибди. Шунинг учун бир ойдан бери тайёргарлик кўряпмиз. Кеча туманларда юриб, одамлар билан гаплашдим. Фарғонанинг эртаси нима бўлади, деб кечасиям ўйлаб чиқдим. Коронавирус касаллиги ёнимизда юргандек, иқтисодий хавф-хатар ҳам ёнимизда юрибди. Дунёдаги инқироз ҳамма давлатларга таъсир қилди. Бозор топиш – азоб бўлиб кетди. Шунинг учун янги «ўсиш нуқталари»ни шакллантириб, имкониятларни тўлиқ ишга солишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлат раҳбари 2020 йил сентябрь ойидан буён Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Хайрулло Бозоров номзодини Фарғона вилояти ҳокими лавозимига тавсия этди.

Х.Бозоров меҳнат фаолиятини 1995 йилда солиқ инспектори сифатида бошлаган. 2007-2015 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, Учқўрғон, Чуст ва Мингбулоқ туманлари ҳокими бўлиб ишлаган. 2015-2020 йилларда Наманган вилояти ҳокими бўлган. Ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони билан тақдирланган.

– Мен Хайрулла Бозоровни кўп йиллардан бери биламан. Учта туманда, вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган. Жуда тажрибали, ҳозирги замонга муносиб, халқпарвар, камтар инсон. Тўрт ойдан бери ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизларнинг ҳам синовингиздан ўтди. Фарғонага мана шундай билимли, тажрибали одам керак, – деди Президент.

Халқ депутатлари, нуронийлар, ёшлар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессияда давлатимиз раҳбари аввалги ҳоким, айни пайтда Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаётган Шуҳрат Ғаниев ҳақида фикр билдирди.

– Ғаниевнинг энг катта фазилати – у ҳалол одам, ҳаловати йўқ. У кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди. Лекин садоқати бор одам. Оғир синовли йилларда ўзини кўрсатди. У республикамиз қишлоқ хўжалигида ҳам ўзининг қаттиққўллиги билан катта ишлар қилишига ишонаман. Шуҳрат Мадаминовичга омад тилайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент раҳбарларни асраб-авайлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳақида ҳам гапирди.

– Илгари ҳокимни қўяётганда қарсак чалардик, ёмонлаб ишдан олардик, ишдан олганимиздан кейин унутиб юборардик. Бу нотўғри. Ҳоким лавозимни тортмаса, кўчага ташлаб қўйиш керак эмас. Битта раҳбарни тайёрлашга 20 йил кетади. Биз асраб-авайлаб тарбия қилган ҳокимларимизни ҳеч қачон хор қилмаслигимиз керак. Ҳоким, шу элни йўлбошчиси бўлган одамни ҳаммамиз ҳурматини ҳам жойига қўйишимиз керак. Фарғонада шунча йил ишлаган одамни Тошкентда раҳбарлик қилиши, ўйлайманки бу биринчи тажриба. Шу тажриба бошқа вилоятларга ҳам юқсин. Бугун бутун республикамиз кўради, илоҳим шу тажрибадан амалда вилоят, туман ҳокимлари ҳам ўзларига хулоса қилса мен рози бўлардим. Барибир меҳнат қилган одам ҳеч қачон хор бўлмаслиги керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент туманлардаги мутасаддиларнинг иш услуби, жойлардаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.

– Агар раҳбар оддий, самимий бўлиб, «ерда» юриб, халқнинг дардини билиб, оғирини енгил қилса, унинг ҳурмати ошади. Фақат столда ўтириб, машинада юриш билан обрў ошиб қолмайди. Менинг энг катта ташвишим – қуйи поғонадаги, туман миқёсидаги раҳбарлар ўзига масъулият олмаяпти. Бор имкониятдан тўғри фойдаланиб, фаоллар бирлашиб, кўп масалаларни туман, маҳалланинг ўзида ҳал қилса бўлади. Ҳоким ҳаловатга интилмаслиги, ўзини ишга бағишлаши керак, – деди Президент.

Йиғилишда хизмат вазифасини етарли даражада бажармагани учун Қува, Ўзбекистон ва Ёзёвон тумани ҳокимлари ҳамда айрим сектор раҳбарлари лавозимидан озод этилгани айтилди.

Таъкидлаш жоиз, ҳозир маҳаллий кенгашлардаги ҳамма депутатлар ҳам ўз ваколати даражасида фаолият юритмаяпти. Сессияда давлатимиз раҳбари шу ҳақда ҳам тўхталиб, халқ ноиблари депутат деган мақомга муносибми деган саволни қўйди.

– Мен Сенат биносига борганимда уни жайдари тилда “Халқ уйи” деганман. Депутатлар мана шу Халқ уйига киришга муносибми? Виждонимиз олдида жавоб берайлик: халқ вакиллари бир ойда, уч ойда, олти ойда, бир йилда маҳаллий кенгашларга нечта таклиф берди? У таклиф элимга, маҳалладошларимга, туманимга нима манфаат олиб келди, деган саволга афсуски ижобий жавоб йўқ, – деди давлат раҳбари.

Шундан сўнг Президент вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллабай тизимда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш вазифалари бўйича маъруза қилди.

2021 йилги Мурожаатномада белгилаб берилган йўналишлар ва вазифалар асосида, вилоятда янги “ўсиш нуқта”ларини аниқлаш, ҳудудни маҳаллабай комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани қайд этилди.

Унга кўра, аввало, аҳоли бандлигини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига, камбағалликни қисқартиришга эътибор қаратилади. Бунинг учун ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро ҳаётидаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича янги тизим жорий этилаётгани таъкидланди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти мисолида маҳаллабай ишлашнинг вертикал тизими ишлаб чиқилгани айтилди. Биринчи босқичда банкларнинг малакали мутахассислари вилоятдаги 1041 та маҳаллага номма-ном доимий вакил сифатида бириктирилгани маълум қилинди.

Бу вакиллар маҳаллада ишсиз аҳолини, ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил қилади. Шунингдек, тадбиркорларга кредит олишга ва лойиҳаларини амалга оширишга ёрдам бериб, маҳалла раислари ва фаоллари билан доимий иш олиб боради.

Шаҳар ва туманларни маҳаллабай тизимда ривожлантириш мақсадида вилоятдаги 76 та секторнинг ҳар бирида иқтисодий комплекснинг малакали ходимларидан иборат бошқарув офислари ташкил этилиши айтилди. Бу мутахассислар маҳаллага бириктирилган банк ходимлари билан бирга, жойлардаги шароитни ўрганиб, лойиҳаларни шакллантиради ва амалга оширишга кўмаклашади. Зарур бўлса, ишсиз аҳоли, ёшлар ва аёллар касб-ҳунарга ўргатилади.

Фарғона вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 17 триллион сўмлик 949 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши таъкидланди. Бунда кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, электротехника саноати “драйвер” бўлади.

Хусусан, “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида жами 537 миллион долларлик 3 та лойиҳа, тўқимачиликда 154 миллион долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилади.

Президент мутасаддиларга Миллий банк, “Асака” банк ва “Ўзсаноатқурилишбанк” билан бирга янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш борасида “лойиҳалар офисини” ташкил қилишнинг Фарғона тажрибасини яратиш бўйича топшириқ берди.

Вилоятда ер ресурси чеклангани сабабли чўл жойлар, яйлов ва адирликларда 33 минг гектар ер ўзлаштирилади. Бунга сарфланадиган 350 миллиард сўмлик харажатларнинг 110 миллиард сўми субсидия ҳисобидан қоплаб берилади.

Ижтимоий соҳаларни, инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди. Жорий йилда вилоятнинг 11 та жойида 105 та кўп қаватли уйлар барпо этилиши таъкидланди. 312 миллиард сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан 503 километр йўлларни таъмирлаш бўйича вазифа қўйилди.

Янги ташкил этилган Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда, мақсадли тиббий кўрик ва консультациялар ўтказиш, бирламчи тиббиёт бўғинини ривожлантириш учун 16 та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Жорий йилда Фарғона вилоятидаги 19 та туман ва шаҳарларда биттадан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиши, “Ёшлар: 1+1” лойиҳаси доирасида 8 мингдан зиёд ишсизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилиши белгиланди. Хотин-қизларнинг ўз ишини очишига кўмаклашиш, муҳтожларнинг уй сотиб олиши учун бошланғич бадал пулларини тўлаб бериш, ажралишларнинг олдини олиш муҳимлиги таъкидланди.

– Юрагимдаги жўшқин тилагим, жонажон халқимизнинг оғирини енгил қилиш. Биринчи кундан жуда катта ҳаракат, изланишдамиз. Бу қарорлар, фармонлар, мажлислар бекорга эмас. Фарғона аҳли буюк эл. Мана шу халққа муносиб бўлиш ва эртанги кунини фаровон қилиш зиммамиздаги муқаддас бурч. Агар салгина ўзгариб, кичкина қадам ташласак, халқимиз бошига кўтараяпти, биздан рози бўлаяпти. Ҳаммамиз ҳамжиҳат бўлиб, оёғимиз ердан узилмасдан меҳнат қилсак, Фарғонада албатта натижа бўлади, – деди Президент.

Халқ депутатлари сессиясидан сўнг Президент кутилмаганда Фарғона шаҳридаги Шодиёна маҳалласига борди. Маҳалла оралаб юриб, аҳоли билан учрашди.

– Мана, бугун вилоятларингизга янги ҳоким қўйдик. Маҳаллабай ишлаш тизимини жорий қиляпмиз. Ҳақиқий аҳволни билиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш учун маҳаллангизга ўзим келдим, – деди Шавкат Мирзиёев аёллар билан суҳбатда.

Онахонлардан бири эртага ўғлининг тўйи бўлишини айтди. Президент уларни табриклаб, ёш оилага бахт, соғлик тилади.

Кутилмаган ташрифдан хурсанд бўлган одамлар давлатимиз раҳбарига сиҳат-саломатлик, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.

Соҳибқирон Амир Темур кўчаси бўйлаб юрилиб, уй-жойлар, савдо шохобчалари кўздан кечирилди.

Шавкат Мирзиёев маҳалла идорасига кириб, маҳалла раиси ва маслаҳатчилар билан суҳбатлашди. Аҳолининг яшаш шароити, ҳудуддаги муаммоларни сўради. Уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари Фарғона шаҳри Мустақиллик мавзесида бунёд этилган 2 та 16 қаватли янги турар жойни кўздан кечирди.

Уйларнинг ҳар бири 80 хонадонли бўлиб, 2-3 хонадан иборат. Ҳозирга қадар вилоятда бундай баланд уй қурилмаган. Шу сабабли қурилишда сейсмология ва замонавий архитектура талабларига алоҳида эътибор берилган. Энергия тежовчи, сифатли маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган хонадонлар коммуникация тармоқларига уланган. Биноларнинг совуқ ва иссиққа чидамли бўлиши учун базальт қопламасидан фойдаланилган.

Қўп қаватли уйларнинг ёнида болалар ўйин майдончаси, машиналар тураргоҳи бор.

Режага кўра, мазкур уйларнинг 8 таси ногиронлиги бор ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга, 32 таси мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга, 120 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга ажратилган.

Маълумки, Фарғона вилояти мамлакатимизнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидан. Шу сабабли бу каби замонавий кўп қаватли уйларнинг қурилиши аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш баробарида ердан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун, 2 та 16 қаватли уйни қуриш учун 11 сотих ер кифоя қилди. Бу ерда энди 160 та оила яшайди. Демак, озгина ерда шунча оиланинг уй-жойга бўлган муаммоси ҳал бўлди.

Президентимиз ўтган йили мазкур уйлар қурилиш жараёни билан танишиб, массивда яшайдиган аҳоли фарзандлари учун мактаб ва болалар боғчаси, оилавий поликлиника каби зарур инфратузилмалар объектлари бунёд этиш бўйича топшириқ берган эди. Бугунги кунга келиб Мустақиллик массивида 420 ўринли мактаб фойдаланишга топширилди. 380 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилиши давом этмоқда.

Умуман олганда, кейинги тўрт йил мобайнида вилоятда 2011 хонадонга мўлжалланган 45 та қўп қаватли уй қурилган.

Президентимиз аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар доимий эътиборда бўлишини қайд этди. Бу каби уйлардан фойдаланиш маданиятини ошириш лозимлиги айтилди. Бу уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва шу ерда яшовчи аҳоли ҳамкорлигига боғлиқ.

Давлатимиз раҳбари уйларнинг қурилиш технологияси ва сифатини кўздан кечирди. Ёнғин хавфсизлигини, коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.

Шу ерда Фарғона шаҳар Мустақиллик массивидаги кўп қаватли уйларнинг ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини қуриш, қурилиш комплексида яратиладиган янги иш ўринлари, 20 хонадонга мўлжалланган 5 қаватли 1 подъездли уйлар қуриш каби қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Фарғона тумани Илғор маҳалласига бориб, ички йўлларни арзон қуришга оид андозаларни кўздан кечирди.

Юртимизда 39 минг километрга яқин ички йўллар тупроқли. Илгари қурилган кўчаларнинг ҳам кўпи ўйдим-чуқур бўлиб, яроқсиз ҳолга келган. Ушбу барча йўлларга асфальт ётқизиш жуда қимматга тушади.

Шу боис қум-шағал, оҳак тош, чақиқ тош, цемент каби маҳаллий материаллар аралашмасидан 5 хил қоплама варианти тайёрланган.

Шавкат Мирзиёев ушбу намуналарни кўздан кечирди. Соҳа мутахассислари йўл қопламаларининг таркиби, таннархи, сифати бўйича маълумот берди.

Президент бу ишланмаларни қўллаб-қувватлаб, уларни муҳандислик жиҳатидан такомиллаштириш, хомашё захиралари ва зарур техникаларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, энг маъқулини танлаш кераклигини таъкидлади.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи якунланди.

Матназар Элмуродов,

Зиёдулла Жонибеков,

Авазбек Худойқулов,

Абдулазиз Мусаев,

ЎзА