Президент Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 4 февраль куни Фарғона вилоятига келди.

Ташриф дастури жуда тиғиз ва мазмунан бой. Биринчи манзил – Олтиариқ туманидаги “Файзли боғлар сари” узумчилик кооперацияси бўлди.

Олтиариқликлар деҳқончилиги, омилкорлиги билан танилган. Уларга ер берилса, ўзини ҳам, элини ҳам бой қилади. Лекин, бошқа маҳсулотларга нисбатан даромади камлигига қарамай, бу туманда ҳам пахта ва ғалла кўп экилар эди. Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, бозорбоп экинлар экишга қаратилган сиёсати қўли гул деҳқонлар ва ёшларга катта имконият очди.

Президент келган кооперациянинг 6 гектарлик токзори ўрнида илгари пахтадан 20, ғалладан 25 центнер ҳосил олинар эди. Ўтган йили бу ерда боғ яратилиб, “ҳусайни”, “келин бармоқ”, “ризамат” навли узум кўчатлари экилган. Қатор ораларида помидор, бодринг, кўкатлар, қалампир ва бошқа сабзавотлар етиштирилмоқда. Томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган.

Энг муҳими, бу майдон 51 нафар ёшга, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирларига ажратиб берилган. Улар плёнка остига сабзавотлар экиб, йилига тўрт мартагача ҳосил олиши мумкинлигини айтишди.

– Ҳар бир ёш ҳақида ота-онаси қандай қайғурса, мен ҳам шундай қайғураман, – деди Шавкат Мирзиёев улар билан суҳбатда. – Ёшларни тезроқ иш билан таъминлаш учун катта имкониятларимиздан бири ҳозирча шу. Ҳаётда ўрнини топган инсонда ўзига ишонч, интилиш пайдо бўлади. Бугун ёшларга даромад манбаи яратиб, иш ўргатиб, тетапоя қилсак, 2-3 йилдан кейин ҳеч кимга қарам бўлмайди – банкда ҳисоб-рақами бўлади, уй олади, яхши яшайди, болаларини яхши тарбиялайди.

Президент ёшларга ўқиб-ўрганиб, фаолиятини яхшилаш бўйича маслаҳатлар берди.

– Ҳаёт – кураш, рақобат. Бу курашда ким кучли бўлади? Ақлли, билимли, меҳнат қилган. Бугун ёшлар давлатимизнинг эътиборини ҳис этиши, кўп ўқиб, кун сайин билимини ошириб, ривожланишда давом этиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Ерларни ажратиб бериш орқали Фарғона вилоятида 200 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

“Файзли боғлар сари” узумчилик кооперациясининг умумий ер майдони қарийб 130 гектар. Шундан 40 гектар майдонда токзор, 90 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилган. 2 минг тонна сиғимли музлаткичли омбор, юк машиналари бор. Етиштирилган маҳсулотларнинг катта қисмини экспорт қилиш режалаштирилган.

Шу ерда Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари журналистлар билан жонли мулоқот қилди.

– Сизлар менга кўмакчи ва елкадошсиз. Мен сизларни ютуғимизни ҳам, камчилигимизни ҳам халқимизга адолатли етказаётган куч деб биламан. Сизлардан бир нарсани илтимос қилмоқчиман: изланишдан эринманглар. Адолатни халққа етказишдан қўрқманглар. Нимага десангиз, ортингизда Президент турибди. У замонлар ўтиб кетди. Фақат адолат, адолат ва ҳақиқат. Қанча кўп ҳақиқатни етказа олсак, шунча кўп манфаат бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев Риштон туманида қурилган Халқаро кулолчилик марказини бориб кўрди.

Илгари риштонлик кулоллар ўз уйида, тор устахоналарда ишларди. Хорижлик туристлар учун шароит йўқ эди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган йили туманга 15 мингдан ортиқ хорижий сайёҳ келган. Агар қўшни Қирғизистон орқали Россия ва бошқа мамлакатлардан келиб, Риштондан ўтадиган туристларни ҳам қўшса, бу рақам яна бир неча мингга ортади. Бу туманнинг сайёҳлик салоҳияти юқорилигидан далолат.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги фармонидан кейин ҳунармандчиликни ривожлантириш ва ҳунармандлар учун кенг имкониятлар яратила бошланди. Мазкур фармонга мувофиқ, ўтган йилларда Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ҳунармандчилик марказлари қурилган эди. Риштондагиси кулолчилик йўналишида бўлди.

Агар Марғилон атлас ва адраслари, Қўқон ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик мактаблари билан машҳур бўлса, Риштон қадимий кулолчилик санъати билан дунёга танилган. Бу ерда тайёрланган сопол идишлар ўзига хос дизайни, экологик тозалиги билан ажралиб туради. Риштон кулолчилик маҳсулотларининг ярмидан кўпи ташқи бозорда харидоргир.

Пандемия даврида аҳолининг уйда ўтириб, ҳунармандчилик билан шуғулланиши ва даромад топишига кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатда туманда Халқаро кулолчилик маркази барпо этилди. Бу ерда 20 та икки қаватли кулоллар хонадони, Риштон тарихи музейи, банк хизматлари маркази қурилган. Уйларнинг биринчи қаватида устахона ва савдо дўкони жойлашган, иккинчи қаватда ҳунармандлар оиласи яшайди.

Хонадонларнинг ҳар бирида 6 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд. Чет эллик сайёҳлар бу ерда яшаб, кулолларнинг иши билан танишиши мумкин.

Марказ фойдаланишга топширилиши билан 250 га яқин иш ўрни яратилди. Кулолчилик маҳсулотлари Бирлашган Араб Амирликлари, Чехия, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқ устаси Алишер Назиров устахонасида бўлди. Кўргазмага қўйилган кулолчилик буюмларини кўздан кечирди.

– Бу идишларда меҳнат билан, юрак билан бирга тарих ҳам бор. Ҳамма йўналишларда миллий анъаналаримизни тиклаяпмиз. Сопол буюмлар ҳам миллий қадриятимиз. Уларни яна оммалаштириб, ҳар бир хонадонга киритиш керак. Уларни чет элликлар жуда қадрлайди. Чунки чиройли, сифатли, экологик тоза. Юртимиздаги ҳар бир уйда мана шундай идишлар бўлса, ҳам миллий ифтихор, ҳам маънавият бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент таниқли кулоллар Музаффар Саидов ва Шарофиддин Юсупов хонадонига ҳам кириб, улар билан самимий суҳбатлашди.

Кулолларга айланма маблағ ва имтиёзлар бериш, бошқа ҳудудларимизда дўконлар очишига кўмаклашиш, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналарида кўргазма-савдо расталари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Халқаро кулолчилик марказида “Ҳунарманд” уюшмасининг туман бўлими, ўқув маркази ҳам жойлашган.

Қурилиш жараёнида шу ердаги Хўжа Рушноий мақбараси обод қилинган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу мақбарани ҳам зиёрат қилди.

Шу ерда вилоятда “маҳаллабай” тизими асосида ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Президентга Бағдод тумани мисолида уч бўғинли “маҳаллабай” ишлаш тизими тақдимот қилинди. Ушбу уч бўғинли тизимда ҳар бир маҳаллага тижорат банкларининг масъул ходимларидан иборат доимий вакил бириктирилади. Улар маҳалла раислари билан бирга хонадонлардаги аҳволни, ишсизлар сони, уларнинг қизиқишлари, ҳудуднинг “ўсиш нуқталари”, мавжуд тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш масалаларини ўрганиб боради.

Ушбу ўрганишлар чоғида ишлаб чиқилган таклифлар иккинчи босқичда ҳар бир сектор қошида иқтисодий комплекс ходимларидан тузиладиган бошқарув офисларига берилади. Бошқарув офисларида ўша ҳудуддаги тижорат банклари раҳбарлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари, солиқ, молия, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимларининг масъул ходимлари аниқланган муаммо ва таклифлар асосида ҳар бир маҳаллани ривожлантириш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқади ва уларнинг ижроси юзасидан тегишли чора-тадбирларни кўради.

Учинчи босқичда туманларда ҳокимларнинг биринчи ўринбосари бошчилигида мувофиқлаштирувчи гуруҳ ташкил этилади. Улар ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”ни тасдиқлаб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий кенгашларга ҳисобот беради, маҳалла раислари билан бирга бошқарув офислари фаолиятини муҳокама қилиб боради.

Шавкат Мирзиёев ушбу уч босқичли тизимни бутун мамлакатимизга жорий этиш бўйича топшириқ берди. Ўз уйида тикувчилик цехи очиб, маҳалла хотин-қизларини иш билан таъминлаган учкўприклик аёллар, нодавлат ўқув марказлари раҳбарлари билан мулоқот қилди. Улар фаолиятини кенгайтириши учун логистикага қулай жойда замонавий комплекс қуриб бериш бўйича мутасаддиларга вазифа қўйди.

Фарғона вилоятида 400 дан зиёд қўшма ва хорижий корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Истиқболли лойиҳалар асосида инвестицияларнинг ўзлаштирилиши натижасида қишлоқларга саноат кириб, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Фарғона туманининг Лоғон қишлоғидаги “Vodiy-Shoes” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона иш бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бу ерда тайёрланаётган эркаклар, аёллар ва болалар пойабзаллари қисқа вақтда ички ва ташқи бозорда ўз харидорларини топди. Маҳсулотлар пишиқ-пухталиги, бежирим кўриниши билан ажралиб туради. Шунингдек, корхонада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун махсус пойабзаллар ишлаб чиқарилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу корхона фаолияти билан ҳам танишди, тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

Қайд этиш лозимки, Президентимизнинг Фарғона вилоятига аввалги ташрифлари чоғида ушбу корхона лойиҳаси тақдимот қилинган эди. Давлатимиз раҳбари, аввало, тайёрланадиган маҳсулотлар экспортбоп ва сифатли бўлиши лозимлигини таъкидлаб, энг замонавий ускуна ва технологиялар олиб келиш, корхонада ишлайдиган ёшларни ўқитиш бўйича топшириқлар берганди.

Қўшма корхона ўтган йили фойдаланишга топширилди. 4,1 гектар майдонга эга қўшма корхонада умумий қиймати 16 миллион доллардан зиёд лойиҳа амалга оширилиб, Италия, Туркия ва Германиядан замонавий ускуна ва технологиялар олиб келинди.

Лоғон, Каптархона, Вазиё, Аввал каби қишлоқларда яшовчи ўнлаб ёшлар малакали мутахассислар ёрдамида касбга ўқитилди. Энг муҳими, бугун улар бу ердаги замонавий технологияларни бемалол бошқармоқда.

Корхона маҳсулотлари асосан маҳаллий хомашёдан тайёрланади. Фақат пойабзал таг қисми учун махсус қўшимча Германиядан олиб келинади.

Айни пайтда 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Уларнинг асосий қисмини маҳаллий ёшлар ташкил этади. Корхонада биринчи босқичда йилига 1 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилмоқда. Асосан маҳаллий хомашёдан фойдаланилгани учун таннархи ҳам арзон. Шу боис ички бозорда импорт ўрнини босиб, хорижники билан рақобатлашмоқда. Экспорт мўлжали – 12 миллион доллар.

Иккинчи босқичда корхона қувватини 2 миллион жуфтга етказиш режалаштирилган. Шу мақсадда яқин атрофдаги 18 та маҳалла хотин-қизлари касаначилик асосида ишга жалб қилинади. Натижада 5 мингдан ортиқ аёлларнинг бандлиги таъминланади.

Президент шу ердаги тўқимачилик корхонасини ҳам кириб кўрди. «Баҳодир Лоғон» пахта-тўқимачилик кластерига қарашли мазкур ширкат йилига 10 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Япония, Туркия, Германия ва Швейцариядан ускуналар келтирилиб, ип-калава ва мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 480 кишининг бандлиги таъминланган, шундан 300 нафари ёшлар.

Бу биринчи босқич бўлиб, 2022 йилда иккинчи босқични амалга ошириш режалаштирилган. Унинг натижасида 1 минг 800 та янги иш ўрни яратиб, экспорт салоҳиятини 16 миллион доллардан ошириш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари хомашёни қайта ишлашни янада кенгайтириб, тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш, энг муҳими, бозор топиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Фарғона вилоятида 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 6 майда Фарғона вилоятида бўлганида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимот қилинган эди. Бугунги кунда ушбу лойиҳа Фарғона шаҳрида «Fergana stone paper» корхонаси бўлиб амалга ошди.

Хитойдан ноёб технология олиб келиниб, йилига 9 минг тонна қоғоз тайёрлаш қувватига эга бўлди. Президент ташрифи арафасида ушбу корхона синов режимида ишга туширилди.

Тошдан ясалган қоғоз бир қанча афзалликларга эга. Биринчидан, целлюлоза қоғоз тайёрлаш учун жуда кўп сув сарфланади, заҳарли моддалар борлиги туфайли бу сув яроқсиз бўлиб қолади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришда эса сув ишлатилмайди.

Иккинчидан, мустаҳкамлиги, чидамлилиги оддий қоғозга нисбатан юқори. Ўзидан сув ўтказмайди, доғ юқмайди. Шу боис тошдан олинган қоғоз матбаачиликда, қадоқ ва гулқоғоз ишлаб чиқаришда жуда қулай. Ташқи бозорда харидоргир.

Корхонада 60 киши иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбари иш жараёнини, қоғоз сифатини кўрди.

– Қоғоз тайёрлаш қадимий ҳунармандчилик йўналишларимиздан бири. Ўз даврида Самарқанд қоғози дунёга машҳур бўлган. Бу корхона – тарихий анъаналарнинг саноат даражасида қайта тикланиши, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ҳам кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдилла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

ЎзА