Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашди.

Очиқ мулоқот чоғида партияларнинг жамиятимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш масалалари, бугунги кунда улар олдида турган асосий вазифалар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партияларнинг ўрни катталиги таъкидланди.

Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иқтисодий-ижтимоий соҳаларни қамраб олган кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу борадаги ишларнинг ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларга улкан масъулият юклайди.

Учрашувда ижтимоий соҳалар, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан Парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши муҳимлиги қайд этилди.

 

 

 

 

 

Партиялар ўз электорати, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийлар билан ишлаш, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Ҳар бир партия ўз дастурий мақсадларини Парламентга фаол олиб чиқиши, ўз фракциялари орқали қонунчилик ташаббусларини илгари суриши ва қонунлар ижросини таъминлашни назоратига олиши зарурлиги ҳақида фикр алмашилди.

Мулоқот жараёнида сиёсий партиялар фаолияти бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг ишини такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдирилди.

Учрашувда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Экологик партия, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарлари иштирок этди.